ЎзА Ўзбек

25.08.2018 14:27 Чоп этиш версияси

Украина ва Ўзбекистон – қон-қардошдир, бир тан бир жон!

Украина ва Ўзбекистон – қон-қардошдир, бир тан бир жон!
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўтган йиллар мобайнида жаҳоннинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Стратегик ҳамкор мамлакатлардан бири Украинадир. 

2805_111812.jpg
Шарқий Европада жойлашган Украина ҳам шу кунларда ўз мустақиллигининг 27 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда. Украина мустақилликни қўлга киритгандан сўнг ўтган 27 йил ичида жаҳоннинг 150дан ортиқ мамлакати бу ёш давлатни тан олиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Мустақиллик йилларида Украина халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни ва сўзига эга бўлди. 

Бугунги Украина борасида сўз юритишдан аввал, унинг тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Айрим тарихчилар “украина” номининг келиб чиқиши борасида фикр билдиришар экан, солномаларда “о украина”, яъни “чегарадош ўлка”, деган маънони англатишини илгари суришади. Замонавий тарихчилар эса, бу сўз “ўлка”, “мамлакат”ни англатишини таъкидлашмоқда. 

Мустақилликка эришишдан аввал Украина иқтисодиёти тараққий этган, илмий салоҳиятга эга, қишлоқ хўжалиги ривожланган иттифоқдош республикалардан бири ҳисобланарди. Жумладан, 1992 йил бошларигача Украина ҳудудларида 1240 та ядро каллаклари, 133 та РС-18 русумидаги, 46 та РС-22 русумидаги стратегик ракета, 564 та қанотли ракета, 3 мингта тактик ядро қуроли бор эди. МДҲ ҳудудларида Ягона Қуролли кучлар сақланмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг Украинадаги мавжуд қуроллар АҚШ молиявий ёрдами билан Россия ҳудудларига олиб чиқилди. 

Мустақилликка эришганидан сўнг Украинанинг олтин-валюта захираси ва пул бирлиги йўқ эди. Иқтисодиёт, маданият, илм-фан ва бошқа соҳаларда кузатилган инқироз туфайли мустақилликнинг илк йилларида Украинанинг янги давлатчилигини барпо этиш ва иқтисодиётни бозор қоидаларига мослаштиришда қийинчиликлар пайдо бўлди. Ҳарбий саноат мажмуасининг барҳам топиши туфайли Украина корхоналари ва илмий-тадқиқот марказлари ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бироқ ҳукумат кўрган чора-тадбирлар натижасида 1996 йилдан бошлаб жамият ҳаётида ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошланди. Узоқ давом этган тортишувлардан сўнг 1996 йил 28 июнда Украина Конституцияси қабул қилинди. Унга кўра, Украина президент-парламент республикаси, деб эълон қилинди. Бироқ 2004 йил 8 декабрида Конституцияга ўзгартиришлар киритилиб, Украина парламент-президент республикасига айлантирилди. Шу тариқа Парламент Вазирлар Маҳкамасини шакллантиришда етакчиликни қўлга олди. 2010 йил 30 сентябрь куни Украина Конституциявий суди “2004 йилги Конституцияни бекор қилиш тўғрисида” ва “1996 йилги Конституцияга қайтиш тўғрисида”ги қарор қабул қилди. Аммо Конституциявий Суднинг қарори ҳозирча кучга кирмаган. 2000 йилда эса мамлакат иқтисодиётида илк бор ўсиш кузатилиб, Ялпи Ички маҳсулот 1999 йилга нисбатан 106 фоизга ошди. 2008 йил 16 май куни Украина Жаҳон Савдо ташкилотининг аъзоси бўлиб қабул қилинди. 

preview_w640zc0.jpg

Бугунги кунда Украина демократик республика ҳисобланиб, Конституцияга кўра, “суверен ва мустақил, демократик, социал ва ҳуқуқий давлат” бўлиб, кўп партиявийлик сиёсий тизимга эга. Ижроия ҳокимият – Вазирлар Маҳкамаси ва Президент ҳисобланади. Парламент – “Украина Олий Радаси” деб аталади. Давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги кафолати ҳисобланмиш Президент беш йил муддатга умумхалқ овоз бериш йўли билан сайланади. 

Украинада учта давлат рамзи – яъни, Байроқ, герб ва Гимн бор. Давлат байроғи 1992 йил 28 январда тасдиқланган. Бугунги кунда Украина БМТга аъзо 7 та мамлакат – Россия, Беларусь, Молдова, Руминия, Польша, Венгрия, Словакия билан чегарадош. 

Украина аҳолиси 2017 йил ноябрь ҳолатига кўра, 42 миллион 248 минг кишини ташкил қилиб, аҳоли сони бўйича дунёда 32 ўринни эгаллайди. Шуни таъкидлаш керакки, 1993 йилда Украина аҳолиси 52 миллиондан ошиб кетган эди. Бироқ фуқароларнинг хорижга чиқиб кета бошлаши, туғилиш қисқариши, ўлимнинг кўпайиши натижасида аҳоли сони камая борди. Ёшларнинг шаҳарга кетиши туфайли 2008 йилда мамлакатнинг 20 мингта аҳоли пунктида бирорта ҳам чақалоқ туғилмагани қайд қилинган. Таҳлилчиларнинг фикрича, 20 аср бошларида Украина аҳоли ўсиши бўйича Европада биринчи ўринда турган. Бироқ Фуқаролар уруши, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари, 1920-30 йиллардаги очарчилик аҳоли ўсишига салбий таъсир кўрсатди. 

Украинадаги бугунги вазият ҳақида маълумот берадиган бўлсак, мамлакатда ислоҳотлар олиб борилаётганини, аммо ислоҳотлар учун биринчи навбатда тинчлик зарурлигини таъкидлаб ўтишни истардик. 

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Аммо Украина жануби-шарқидаги вазият савдо алоқаларига салбий таъсир кўрсатганини тан олиш керак. Украина Ўзбекистонни стратегик ва ишончли ҳамкор сифатида кўради. Икки мамлакат ўртасида имзоланган 149 та шартнома ва битим алоқаларимизнинг янада ривожланишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ва Украина халқлари ҳар икки мамлакат ҳақида яхши тушунчага эга бўлиб, бу икки мамлакат тарихини, айни дамда қўлга киритган ютуқларни яхши билишади. Биз бир-биримизнинг тажрибаларимизни ўрганиб, муваффақиятларимиздан фахрланамиз. Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб украиналик зиёлилар Тошкентга келиб, ўз фаолиятларини давом эттирди. Улар Тошкентни иккинчи Ватан сифатида кўришади. Украинада Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига қизиқиш катта. 

1384756472_383796295.jpg

Айни дамда Ўзбекистонда 95 мингга яқин украин миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мамлакатимизда 7 та украин маданий маркази фаолият юритади. Бу марказлар украин маданияти, тили, анъана ва русумларини сақлаб қолиш мақсадида бир қатор маданий-маърифий тадбирларни ўтказмоқда. Бу ўз навбатида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро маданий алоқаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқда. 2011 йилнинг 22 апрелидан 2 майга қадар Алишер Навоий номли Опера ва балет Академик Катта театрида бўлиб ўтган “Тошкент баҳори” опера санъати Халқаро Иккинчи фестивалида украиналик саньаткорлар ҳам муваффақиятли иштирок этиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлишди. Ўзбекистонда украин халқининг буюк фарзанди Т.Шевченкога иккита (Тошкент ва Зарафшонда) ҳайкал ўрнатилган. Бу ҳайкалларнинг ҳар иккиси ўзбек ҳайкалтарошлари томонидан яратилганлигининг ўзиёқ икки халқ дўстлигининг мустаҳкамлигидан далолат беради. 

Бир пайтлар икки халқ дўстлигининг мадҳиясига айланган “Украина-Ўзбекистон – қон-қардошдир, бир тан бир жон” деган қўшиқ бўларди. Шунингдек, машҳур санъаткоримиз Тамарахонимнинг “Ай да Галя и Султан Украина и Узбекистан” деб номланмиш қўшиғи ҳам кўпчиликнинг ҳануз ёдидан чиқмаган. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
4 921