ЎзА Ўзбек

30.08.2019 Чоп этиш версияси

Украина тарихидаги энг ёш бош вазир тасдиқланди

Украина тарихидаги энг ёш бош вазир тасдиқланди

Украина Олий Радаси 35-ёшли Алексей Гончарук номзодини мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқлади, дея хабар беради “Интерфакс-Украина“. У мамлакат тарихида энг ёш ҳукумат раҳбари бўлди.

Бундан аввал парламентга унинг номзодини президент Владимир Зеленский ва президентнинг “Слуга народа“ (“Халқ хизматкори”) фракцияси тақдим қилган эди. Партия парламентда кўпчиликни ташкил қилади ва Конституцияга кўра, ҳукмрон коалиция вазифасини бажаради. Бундан аввалроқ, пайшанба куни аввалги бош вазир Владимир Гройсман бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиққан эди.

Гончарук  президент идораси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Маълумоти бўйича юрист. 2013–2014 йилларда Майдон иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилган. 2015 йилдан BRDO самарали жавоб таҳлилий марказига бошчилик қилган. Бу Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган нодавлат ташкилоти бўлиб иқтисодиётда давлат бошқарувини такомиллаштириш тизими бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Олий Радада қилган чиқишида, Гончарук ҳукуматнинг устувор вазифалари сифатида иқтисодий ривожланиш ва коррупцияга қарши курашиш эканлигини таъкидлади.

Украина парламенти шунингдек ўзининг янги раисини сайлади. Олий Рада Спикери этиб “Халқ хизматкори” партияси раҳбари Дмитрий Разумков сайланди. Унинг ўринбосарлари этиб Руслан Стефанчук (“Халқ хизматкори”) ва Алена Кондратюк (мухолифатдаги “Батькивщина“ фракцияси) сайланди.

Олий Рада мажлисида президент Владимир Зеленский нутқ сўзлади. У баёнот берар экан, Украина халқи янги парламентдан кўп нарсаларни кутаётганини, агар бу ишонч оқланмайдиган бўлса бир йилдан кейин президент Олий Радани тарқатиб юборишга тайёр эканини айтди.

Киевда 29 август куни Олий Раданинг IХ чақириқдаги биринчи сессияси ўз ишини бошлади. 424 депутат қасамёд қабул қилди (Радада 450 ўрин бўлиб, можароли 26та округда сайловлар ўтказилмади).

Президентнинг “Слуга народа“ партияси июль ойида бўлиб ўтган сайловларда мутлақ кўп овоз олди: партия нафақат партия рўйхати бўйича, балки бир мандатли округларда ҳам ғалаба қозонди. МСК маълумотига кўра, Владимир Зеленский партияси 43 фоиз овоз олган.

Парламентда 6 та фракция ва депутатлар гуруҳи шакллантирилди – бешта партия фракциясидан ташқари, мустақил депутатларнинг “За будущее“ (“Келажак учун”) гуруҳи тузилди.

5 511
ЎзА