ЎзА Ўзбек

17.01.2020 Чоп этиш версияси

Украина Бош вазири истеъфо берди

Украина Бош вазири истеъфо берди

Украина бош вазири Алексей Гончарук бугун истеъфога чиққиш ҳақида ариза берди.

“Бизнинг Президентга нисбатан ишончимиз ва ҳурматимизга зиғирча ҳам шубҳа бўлмаслиги учун, мен истеъфо ҳақида ариза бердим ва уни парламентга тақдим этиш учун Президентга топширдим”, деб ёзади бош вазир Facebook саҳифасида.

Бош вазирнинг таъкидлашича, кейинги пайтларда жамоатчилик ҳукумат мажлисини қисмларга бўлиб, монтаж қилиб оммага тарқатилиши билан боғлиқ “воқеаларга” гувоҳ бўлмоқда. Ушбу воқеалар ҳукумат ва унинг командаси гўё давлат раҳбарини ҳурмат қилмаётгандек сунъий тасаввур уйғотмоқда.

“Мамлакатнинг молиявий оқимидан баҳраманд бўлишга интилаётган кўп гуруҳлар учун шундай бўлиши маъқул. Лекин аслида ундай эмас “, дея таъкидлади Гончарук.

Ҳукумат раиси шунингдек, Зеленскийни очиқ, тартибли ва намунали инсон эканини таъкидлаган.

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқларда “Президентни қандай қилиб алдаш мумкин“лиги ҳақида иккита аудиоролик пайдо бўлган эди. Унда гўё 2019 йил 16 декабрда Ганчарукнинг Президент Владимир Зеленский билан учрашуви олдидан норасмий мажлис ўтказгани ва ушбу мажлисдан узуқ-юлуқ парчалар монтаж қилиниб тарқатилган эди.

2 330
ЎзА