ЎзА Ўзбек

12.07.2018 21:40 Чоп этиш версияси

Туркиянинг Қирғизистонга муқобил таклифи

Туркиянинг Қирғизистонга муқобил таклифи
Туркия “Сапат” лицейлари учун Қирғизистонга муқобил таклиф билан чиқмоқчи. Бу ҳақда Туркиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Женгиз Камил Фират маълум қилди. 

“Биз қирғиз томонига айни дамда “Сапат” деб юритиладиган “Себат” лицейлари бўйича ўз талабларимизни бердик. Айни дамда биз жавоб кутаяпмиз. Шу билан бирга, қирғизистонликларнинг талабларини инобатга олган ҳолда, таълим соҳасидаги “Маариф” жамғармаси ҳақида маълумот бераяпмиз. Мазкур жамғарма Васийлар кенгаши раиси Туркия Таълим вазирлигидир. Бошқача айтганда, бу жамғарма давлатга тегишли. Биз Қирғизистонда мана шу жамғарма шафелигида мактаб очишни таклиф қилмоқдамиз. Бу масала бўйича қарор эндигина кўриб чиқилмоқда. Сентябрь ойида бизнинг президент Бишкекка келади. Айрим масалалар ҳал бўлиши эҳтимоли бор”, деди Фират.

Туркия элчисининг таъкидлашича, “Маариф” жамғармаси ўқитувчиларга юқори маош таклиф қилади. Таълим эса “Сапат” лицейларига нисбатан арзон бўлади.

2016 йилда Туркия “Гуленчи”ларнинг Қирғизистондаги таъсири юқори эканлигини айтиб, мамлакат расмийларини унинг фаолиятини тақиқлашга чақирган эди. Бироқ Қирғизистон Республикасининг ўша вақтдаги раҳбарияти Анқаранинг илтимосини рад қилди. Қирғизистонда Гулен тарафдорлари томонидан очилган бир қатор таълим, маданий ва хайрия ташкилотлари фаолият юритади. Шундан энг йириги – халқаро “Себат” таълим муассасалари тармоғи бўлиб, 2017 йилда маҳаллий ташкилот сифатида қайта рўйхатдан ўтди ҳамда “Сапат” деган янги ном олди.

ЎзА
9 932