ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Туркия Россия билан эришилган келишувдан чиқмайди

Туркия Россия билан эришилган келишувдан чиқмайди

Туркия Президенти Режаб Таййип Эрдуғон баёнот бериб, Вашингтон томонидан бўлаётган эътирозларга қарамай Туркия С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олиш борасида Россия билан эришилган келишувдан чиқмаслигини айтди.

“С-400га келсак, бу борада келишувга эришилган ва энди ортга қайтиш масаласида гап ҳам бўлиши мумкин эмас… балки С-400 дан кейин биз С-500га ўтармиз”, дея баёнот берди Эрдуғон Туркиянинг ”24TV” телеканалига.

5 март куни АҚШ давлат департаменти Туркияни Россиядан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирган эди. Давлат департаментининг баёнотига кўра, Россиядан С-400 сотиб олинадиган тақдирда Вашингтон янги авлод Ғ-35 қирувчи самолётлари дастурида Туркия иштирокини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Қўшма Штатлар бундан аввал бир неча бор С-400 комплекслари НАТО мамлакатлари системасига мос эмаслигини ва Россия НАТО бирлигига рахна солаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Вашингтон шунингдек, мазкур комплекснинг Америкача аналоги бўлмиш — “Пэтриот” ракетага қарши комплекси борасидаги Туркияга берган таклифларини қайтариб олишини ҳам маълум қилган эди.

Россия ОАВ бундан аввал, Туркия икки ярим миллиард долларга тенг С-400 тўртта дивизионини харид қилиши борасида хабар тарқатган эди.

2 272
ЎзА