ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Туркия ички ишлар вазирининг истеъфоси қабул қилинмади

Туркия ички ишлар вазирининг истеъфоси қабул қилинмади
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўған мамлакат ички ишлар вазири Сулаймон Сойлининг истеъфо бериш ҳақидаги аризасини маъқулламади. Вазирнинг истеъфо беришига мамлакатнинг бир қатор вилоятларида комендантлик соатини эълон қилгани учун танқид қилингани сабаб бўлган.

Сулаймон Сойли коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан ўтган жума куни 31 та вилоятда, жумладан, Анқара, Истанбул ва Анталияда одамларнинг шанба ва якшанба кунлари кўчага чиқиши таъқиқланиши ҳақида эълон қилганди. Мухолифатдаги Туркия Халқ-республикачилар партияси ушбу қарорни танқид қилиб чиқди. Улар қўққисдан эълон қилинган қарор озиқ-овқат дўконлари қаршисида одамларнинг кўп тўпланиб қолишига сабаб бўлганини ва бу коронавирус тарқалиши таҳдидини оширганини айтишмоқда.

“Сойлининг истеъфоси президент томонидан қабул қилинмади, вазир ўз вазифасини бажаришда давом этади“, — дейилади Туркия президенти маъмурияти тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, Сойли Ички ишлар вазири вазифасида самарали ишлаган ва террорчиликка қарши кураш ҳамда Туркиянинг шарқий вилоятларида рўй берган зилзила оқибатларини тугатишга катта ҳисса қўшган.

2 831
ЎзА