ЎзА Ўзбек

24.12.2019 Чоп этиш версияси

Туркия-АҚШ: муносабатлар таранглашуви давом этмоқда

Туркия-АҚШ: муносабатлар таранглашуви давом этмоқда

Туркия парламенти Американи колонизация қилиш чоғида маҳаллий ҳиндуларнинг геноцид қилингани ҳақида резолюцияни қабул қилиши мумкин, дея баёнот берди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон. Ушбу баёнот АҚШ Сенати томонидан Усмонлилар империяси даврида, яъни 1915 йилда арманлар геноцид қилинганининг тан олинишига жавобан эълон қилинди.

Ўтган ҳафта АҚШ Конгресси Сенати арманларнинг геноцидга учраганини расман тан олиш ва ёд этиш зарурлиги ҳақида резолюция қабул қилганди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги эса АҚШ Конгресси қабул қилган ушбу резолюцияни қоралади.

“Биз 1915 йилги воқеалар ҳақида миллиондан зиёд ҳужжатларни кўриб чиқишга рухсат бердик, келинг, ўрганинг. Биз қўлимизда ҳужжатлар билан гапирамиз. Биз ҳам сизга қарши парламентимизнинг худди шундай қарори билан чиқишимиз керак, деб ўйлаймиз ва буни қиламиз. Ахир, Америка ҳақида сўз кетганда ҳиндулар тақдири ҳақида жим туриш мумкинvи? Бу АҚШ тарихининг шармандали саҳифалари“, деди Эрдўғон маҳаллий телеканаллардан бири орқали қилган чиқишида.

Арманистон мунтазам равишда халқаро ҳамжамиятни арманларнинг Усмонлилар империяси даврида геноцидга учраганини тан олишга чақиради. Туркия эса 1915 йилда нафақат арманлар, балки туркларнинг ўзи ҳам қувғинга учраганини таъкидлаб, ушбу айбловни рад этиб келади. Айнан шу масала Туркия билан Арманистон ўртасида мураккаб муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Туркия мамлакатдаги архив материалларини ўрганиш учун халқаро комиссия тузишни ва Биринчи жаҳон уруши йилларидаги вазиятга аниқ муносабатни шакллантиришга чақириб келади.

АҚШ Сенатининг ушбу қарори АҚШ билан Туркия ўртасидаги таранглашиб турган муносабатларни янада кескинлаштирмоқда. Туркия АҚШнинг азалдан ҳарбий иттифоқчиси, НАТО бўйича ҳамкори ҳисобланади. Бироқ, кейинги йилларда Суриядаги воқеалар, АҚШ қаршилигига қарамай Туркиянинг Россиядан ракетага қарши мудофаа мажмуасини харид қилиши ортидан мазкур мамлакатлар ўртасига совуқчилик тушган эди.

Яқинда Туркия АҚШнинг Инжирлик ва Кюрежик авиабазаларини ёпиши эҳтимоли борлиги ҳақида баёнот берди. Бу эса Пентагонни ташвишга солмоқда. АҚШ Мудофаа вазирлиги Туркия билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга интилади, деб маълум қилди, Пентагон вакили РИА Новости мухбирига берган интервьюсида.

“Биз Туркиядаги қуролли кучларимиз мақомини НАТО доирасидаги иттифоқчиларимизни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятимиз рамзи сифатида кўрамиз. Биз ушбу муносабатни бундан кейин ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Шунинг баробарида Туркияни С-400, Сурия ва бошқа масалаларда янада конструктив сиёсат олиб боришга чақириб қоламиз“, деди Пентагон вакили.

Маълумот ўрнида, Туркиянинг Адана вилоятида жойлашган Инжирлик авиабазасидан АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланиб келади. Шунингдек, Туркиянинг Малата вилоятидаги Кюрежик базасида НАТОнинг Европада ракета мудофаасига қарши тизимлари жойлаштирилган.

Россиянинг Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ҳисобланган С-400 мажмуасининг Туркия томонидан харид қилиниши Вашингтон билан Анқара ўртасидаги алоқаларда инқирозни бошлаб берди.

Туркия Президентининг таъкидлашича, C-400 мажмуалари 2020 йилнинг апрелигача тўлиқ амалиётга жорий этилади. Оқ уй Туркиянинг ушбу хариддан воз кечишини истаб, унинг ўрнига Patriot мажмуасини харид қилишни таклиф этди. Агар Туркия бу масалада АҚШ билан ҳамфикр бўлмаса, янги F-35 қирувчи самолётларини сотиб ололмаслиги мумкин.

2 371
ЎзА