Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 11:08 Чоп этиш версияси

Туркистон шаҳрида "Ўзбек тили ва адабиёти, санъати, маданияти, урф-одатлари байрами" бўлиб ўтади

Туркистон шаҳрида "Ўзбек тили ва адабиёти, санъати, маданияти, урф-одатлари байрами" бўлиб ўтади
Бу байрамга “Истеъдод” адабий бирлашмаси аъзолари ҳамда бирлашма раиси Ўрмон Собир таклифи билан Ўзбекистондан шоир, ёзувчилар келиши кутилмоқда. “Истеъдод”чилар бундан аввал Тошкент, Самарқанд ва Наманганда ўзбекистонлик адиблар билан учрашиб, ижодий мулоқотда бўлишган эди. Шу кунларда улкан тадбирга тайёргарлик бормоқда. Туркистонга боришдан аввал Сайрамда адабиётга қизиқувчи ёшлар билан учрашувлар кўзда тутилмоқда.

Қозоғистон Республикаси “Дўстлик “ ўзбек этномаданият ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни адабий бирлашма раҳбари Абдураҳим Пратов бошқарди. Маълумки, жорий йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” нишонланмоқда. Келаси йили эса Ўзбекистонда “Қозоғистон йили” бўлиб ўтади. Шу мақсадда қозоғистонлик адабиёт вакилларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш кўзда тутилган эди. Гульдария Аширбаева Қозоғистон ёзувчиларининг адабий-ижтимоий нашри бўлмиш “Жулдиз” журналида эълон қилинган асарларни таржима қилиш устида иш олиб бормоқда. Туркистонлик ижодкорлар ҳам таржима бўйича ўз иқтидорларини синаб кўриш мақсадида журналдаги сара асарлардан танлаб олишди.

20 сентябрь куни бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар кўҳна Сайрам қишлоғини зиёрат қилишади, сўнг вилоят ўзбек драма театрида ижодий учрашув бўлиб ўтади. 21 сентябрь куни эса Қорабулоқ қишлоғидаги маданият уйида ўзбекистонлик ва қозоғистонлик шоирлар иштирокида мушоира ўтказилади. 22 сентябрь куни эса меҳмонлар Туркистон шаҳрида ўтадиган “Ўзбек тили ва адабиёти, санъати, маданияти, урф-одатлари байрами“да иштирок этишади.

ЎзА