ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

Турғут Озал ўлганми, ўлдирилганми?

Турғут Озал ўлганми, ўлдирилганми?

Тақдир тилсимотлари

Бу савол Туркия жамоатчилигини 20 йилдан буён қийнаб келади. Тортишувлар, баҳс-мунозараларни асти қўяверинг! Аниқ жавоб йўқ, шунга қарамай, мазкур савол ҳамон кун тартибидан тушмаган, ора-сира қайта “бош” кўтарар, жавоб эса...

Турғут Озал Туркия тарихида ўчмас из қолдирган буюк арбоб ва шахслардан бири. Биринчи президент Мустафо Отатурк Туркия давлатини тузган, уни оёққа турғазган, дунёга танитган. Саккизинчи президент, яъни Турғут Озал эса давлатни ислоҳ қилган, мамлакатга эркинлик олиб киргани билан тарихга кирган.

Маълумки, Мустафо Камол Отатурк 1937 йили вафот этади. 1980 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейинги илк сайловлардаги “Она Ватан” партияси ғалаба қозонади. Неча ўн йилликлардан кейин ҳукуматни ислоҳотчи бош вазир Турғут Озал бошқаради.

1983 йилда янги Вазирлар Маҳкамасининг раиси иш бошлаганида мамлакатнинг иқтисоди анча таранг вазиятга тушган, аксарият халқ ночор аҳволда яшаётган эди. Фуқароларнинг чет элларга чиқиши деярли чекланган, фақат ҳукуматлараро келишуви бўлган Олмонияга ёлланма ишга бориш мумкин бўлган. Киссасида 10 доллар билан полиция қўлига тушган киши “хорижий валюта операцияси” айби билан узоқ йилларга ҳукм қилинар эди.

Турғут Озал Туркияни дунёга очди, Туркия дунё учун очилди, деб таъриф беришади тарихчи-сиёсатчилар унга нисбатан. У 20-асрнинг кўзга кўринган сиёсатчиларидан бири эди. У тарихда новатор раҳбар, бозор иқтисодиёти талабгори, ислоҳотчи бўлиб қолди.

Унинг даврида мамлакатга чет эллардан замонавий технологиялар кириб кела бошлади, одамлар хорижга чиқиб иш ўрганди, тажриба орттирди. Бахтли тасодиф туфайли Европа мамлакатлари “экология бузиляпти”, деб йирик саноатини четга чиқариш кампаниясини бошлаб қолди. Автомобиль заводлари, пахтани қайта ишлаш, ип йигирув, тўқимачилик фабрикалари ва бошқа саноат локомотивлари Туркиянинг турли вилоятларига кўчириб келтирилади.

Кенг кўламда мафия, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошлайди. Ҳатто ўқотар қурол ва сигарета контрабандаси билан шуғулланувчилар президентнинг ислоҳотларига зимдан қарши чиқиб, унинг оиласига таҳдид қилишгача боради.

1988 йил июль ойида партиянинг қурултойи бўлиб ўтаётган мажлислар залида Картал Демиарг исмли жиноятчи Турғут Озалга қарата икки марта ўқ узади. Давлат раҳбари тасодиф туфайли омон қолади, лекин унга нисбатан таҳлика-тажовуз бу билан барҳам топмайди.

Турғут Озал Туркиянинг бугун ҳам бошоғриғи бўлиб турган курд айирмачилари билан музокаралар бошлайди. Чет элда яшаётган Абдулла Ожалан билан хат алмашувларини йўлга қўяди. Аммо атрофдаги ислоҳотларни сингдиролмаётган, уларни қабул этолмаётган баъзи сиёсатчилар бош вазирни бу йўлдан қайтаришга уринадилар.

Туркиянинг еттинчи президенти Кенан Евреннинг етти йиллик муддати тугагач, 1989 йилги президент сайловларида Турғут Озал рақиби Фетҳи Челикбашни ортда қолдириб, парламентдаги учинчи тур сайловларида 263 овоз билан ғалаба қозонади.

1993 йил. Совет Иттифоқи парчаланиб, унинг таркибидаги республикалар ўз мустақиллигини эълон қилганига икки йил тўлган пайтлар. Айни баҳор айёми Турғут Озал Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати – Ўзбекистон (4-7 апрель), Қирғизистон (7-9 апрель), Қозоғистон (9-11 апрель), Туркманистон (11-13 апрель) ва Озарбайжонга (13-15 апрель) ташриф буюради. 12 кун давом этган бу ташриф чинакам маънодаги воқеа эди.

Табиий, Турғут Озал бу ташрифларидан муайян хулосаларга келган, дунё ҳамжамиятига, хоссатан туркий давлатлар халқларига кутилмаган режаларни дилига тугган бўлиши муқаррар эди. Бироқ... ташрифлардан кўп ўтмай ватанига қайтган Озал оғир касалликка дучор бўлади. Хос шифокорлар бор маҳоратларини сафарбар этади, афсус барча саъй-ҳаракатлар наф бермайди – Туркия президенти Тургут Озал 17 апрель куни вафот этади.

Унинг “Қазо қилганимда мени Истанбулга дафн этинглар, қиёматга қадар Фотиҳ султон Меҳметнинг маънавий руҳияти ёнида бўлишни истайман”, деган васияти амалга оширилади.

Ўзбекистонга сафари давомида у Бухорога ҳам боради. Бу қадимий шаҳарнинг инфратузилмаси етарли бўлмагани учун кичик самолётда ихчам ҳайъат билан келади. Улар орасида “Ихлос” ахборот агентлиги бош директори Февзи Қаҳрамон ҳамда журналистлар Мужоҳид Орен ва Сервет Кабаклилар ҳамроҳлик қилади.

Баҳоуддин Нақшбанд ва оналари қабрини зиёрат этишади, икки ракат намоз ўқиб чиққач, Турғут Озал кўз ёшлари билан узоқ дуо қилади.

Февзи Қаҳрамонга бу муқаддас жойдан тупроқ ол, уни онамнинг қабри устига сепаман, – дейди Озал жаноблари. Бироз тин олгач: – “Мен вафот этганимда қабримнинг устига ҳам шу тупроқни ёясизлар”, – деган экан.

Астағфуруллоҳ, деб гапириш керакки, икки ҳафта ўтар-ўтмас унинг васияти амалга ошади!

“Шундай қилиб, Истанбулда, раҳматли Озалнинг қабрида Бухоро тупроғи бор”, деб менга айтиб берган эди профессор Невзат Ялчинтош.

Турғут Озал 1927 йилда Малатия вилоятида туғилган. Истанбул техника университетининг электрмуҳандис мутахассислигини битиради. Американинг Техас университетида иқтисодий билимларини оширади.

Раҳматлининг аёли Семра Озал турмуш ўртоғининг ўз ажали билан ўлмаганини йиллар давомида иддао этиб келади. Ҳатто Турғутбейнинг соч толасини АҚШга олиб бориб, таҳлил қилдирди, деган гаплар юради.

Ўша пайтда соч толаси қаердан чиқди, деган гапларга, меҳрибон хоним “хотира учун сақлаб юрган эдим”, деб жавоб беради.

Туркия қонунчилигида 20 йил ичида исталган жиноятни қайта кўриб чиқиш муддати белгилаб қўйилган, ундан кейин даволар кўриб чиқилмайди.

Семра хоним турмуш ўртоғининг ҳаётда ҳеч бир жиддий касал бўлмагани, унинг бехосдан юраги тўхтагани чуқур таҳлил қилинмасдан зудлик билан дафн этиб юборилганидан шубҳаланади. Турғутбейнинг заҳарлаб ўлдирилгани тўғрисидаги тахминларни президент Абдулла Гулга етказади. Оиланинг саъйи-ҳаракатлари ижобат бўлиб, мамлакат раҳбари ижозати билан Давлат назорати қўмитаси ўлим билан боғлиқ барча тафсилотларни ҳужжатлар асосида қайта текширув ўтказади.

Ярим йилдан зиёд вақт давомида 19 йил илгари Турғут Озалнинг оила аъзолари ва у билан бирга ишлаган сарой маъмурларию ходимлари, хавфсизлик идоралари масъуллари-ю саройга боғлиқ барча катта-кичик мансабдорлар билан суҳбатлар ўтказилади.

Суриштирув ва таҳлиллар тугагач, қўмита томонидан тузилган 12 кишилик сараланган тиббиёт мутахассислари гуруҳининг мамлакат раҳбарига берган 625 саҳифалик хулосаси ичида эксгумация қилиш, жасаддан намуналар олиш таклиф этилади.

2012 йил 2 октябрь куни, яъни дафндан сўнг орадан 19 йил ўтгач қабр очилади! Қабр очилишига, мурданинг безовта этилишига қарши чиққанлар ҳам бўлди. Ҳатто айрим уламолар Озал оиласининг Аллоҳ қарғишига қолиши билан қўрқитдилар.

Бу тадбирга ниҳоятда катта тайёргарлик кўрилди, прокуратура, хавфсизлик тизимлари, суд-тиббий экспертиза, дин уламоларидан иборат салоҳиятли комиссия тузилди. Турғут Озалнинг давлат миқёси даражасидаги жанозаси қандай ташкил этилган бўлса, эксгумация маросими ҳам шундай ўтади. Қабристон атрофи ҳуқуқни идора этиш ходимлари томонидан ўраб олинади.

Давлат арконлари ҳам, халқ ҳам раҳматлининг жасади қай аҳволда экан, деб хавотирда эди.

Комиссия саҳарлаб иш бошлаган пайтдан бошлаб, то жасад Истанбул суд-тиббиёт экспертизаси муассасасига олиб борилгунча давлат ва хусусий телеканаллар “жонли” репортажлар олиб боришади.

Мулоқотлар давомида мутахассислар қабр очилиши муносабати билан дин уламолари, мутасаддилар, олимлар, мутахассислар, жамоатчилик вакиллари Давлат назорат қўмитасининг хулосалари тўғрисида гапира бошлашди.

Турғут Озалнинг қабри қайта очилгач, жасаднинг катта қисми ҳеч бир ўзгаришсиз, абадий уйқуга қандай кетган бўлса, шундай ҳолатда қолгани кўрилди. Во дариғ!

Бу хабарга ишонч билдирмаганлар ҳам топилди.

“Турғут Озал Аллоҳнинг севган бандаларидан эди, шунинг учун Яратганнинг ўзи унинг жасадини ҳам азиз қилди. Тарихдан бу каби азизу авлиёларнинг хоклари ҳеч чиримаган ҳолда бўлгани тўғрисида етарли даражада мисоллар бор”, – деб шарҳлар берди дин уламолари.

Ўзбек халқининг ардоқли, маърифатпарвар, ватанпарвар шоирларидан Фурқатнинг Ёркентдаги қабри 1958 йилда зилзила туфайли кўчирилганда жасаднинг бош қисми тириклигидаги ҳолда турган...

Хабарларда, шунингдек, Турғутбейнинг қабри яқинида сув дренажи ўтгани учун доим нам бўлиб тургани тўғрисида изоҳ ҳам тарқатилди.

Турғут Озал даврида соғлиқни сақлаш вазири бўлган Халил Шивгин “давлат раҳбарининг ўлимида кўп шубҳалар бор. Масалан, саройда фавқулодда вазиятлар режаси ишлаб чиқилмаган эди. Касалланган Турғутбейни сарой яқинидаги хастахонага элтиш ўрнига узоқдагиси танланган. Мен шахсан Чанкая саройига янги “Тез ёрдам” автомобили ажратган эдим, тушунарсиз сабаблар билан у манзилда фойдаланилмади. 1964 йилда ишлаб чиқарилган “Тез ёрдами”ни ишлатишда давом этилди”, деб баёнот берган эди вазир.

Заҳарлаб ўлдирилган, деган тахминлар узоқ давом этди. Улар орасида ҳарбийлар айбланиб тилга олинди, чунки раҳматли 80-йиллардан кейин армиянинг давлат ишига аралашишини анча чегаралаб қўйган эди.

Турғутбейни янги Усмонийлар давлатини тиклаш ташаббускори, деб ҳам айблаганлар бўлди. Турк дунёсини бирлаштириб, буюк ҳамдўстлик тузмоқчи, ҳам дейишди. Минтақада лидерликка даъвогар, деб шубҳа ҳам қилинди ва ҳоказо.

Оммавий ахборот воситалари 1998 йилда Семра хоним яшаётган уйга бегона киши уни сўраб келгани, хоним афандининг ташқарига чиққанидан хабардор бўлгач, қўриқчига “Озалнинг Glikonorinaid препарати билан ўлдирилганини, жиноятчининг Озарбайжонда яшириниб юрганини айтиб чиқиб кетади, деган хабар тарқалди.

Аслида Турғут Озал туркий давлатларга ташрифларни роппа-роса бир йил аввал мўлжаллаган эди. Ўзаро маслаҳат чоғида бош вазир Сулаймон Демирэл бу давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш устувор вазифа эканини уқтириб, биринчи бўлиб, қардошларнинг зиёратига боради. Эҳтимол ўша пайтда бу “разведка ташрифлари” тўғри бўлгандир. Агар жаноб Озал бу ташрифда биринчи бўлганда оқибати нима тугарди?

Турғутбей ғарб давлатларининг турк жумҳуриятларига нисбатан “фотиҳа”сини олган, аммо у кўздан қочирган, хаёлига келмаган “учинчи кучлар” эса эҳтимол унинг ниятини амалга оширишга халақит берди. У орзу қилган “бирлашув”ни асталик билан, аввало, иқтисодий муносабатларда ҳамкорликда бошлаш керакмиди?

Хуллас, эксгумация натижаларига кўра, Турғут Озал тўртта заҳарли модда – ДДТ, америций, қадмий ва полоний билан заҳарланган, деб топилди. Буларнинг жасаддаги миқдори нормадагидан ўн баробар ортиқ чиқади. Ана, сизга ҳақиқат! Мана сизга фавқулодда ўлим сабаблари! Фан-техника тараққий топгани сайин тирик юрган инсоннинг жонига қасд қилиш усуллари ҳам ривожланмоқда, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кимёвий дорилар воситаси-ла исталган инсоннинг умрига зомин бўлиш, энг даҳшатлиси, бунинг олдини олиш ёки давосини топиш мумкин бўлмайдиган даражада мураккаблашиб бораётган бир замонда... Тургут Озалдай инсоннинг бевақт вафоти кимга, кимларга зарур бўлди? Кимлар тиш қайраган эдилар бу инсон жонига?

Таассуфлар бўлсинки, алламбало атамалардан иборат заҳарнинг собиқ президент танасига қандай тушиб қолгани ҳали-ҳамон номаълумлигича қолмоқда...

Аброр ҒУЛОМОВ

7 462
ЎзА