ЎзА Ўзбек

18.03.2020 Чоп этиш версияси

Трампга асосий рақобатчи ким бўлиши ойдинлашмоқда

Трампга асосий рақобатчи ким бўлиши ойдинлашмоқда

АҚШ демократлари орасида президентлик учун номзодликка даъвогарлар сони тобора қисқармоқда. Ўтган ҳафта бўлиб ўтган праймериз натижасига кўра, курашни фақат икки номзод, собиқ вице президент Жо Байден ҳамда сенатор Берни Сандерслар давом эттира олиши маълум бўлган эди. Куни кеча Жо Байденнинг яна учта штатда қўли баланд келгани маълум бўлди.

Шундай қилиб, президент Дональд Трамп билан беллашиш учун кураш майдонига тобора яқин келаётган сиёсатчи Жо Байден экани ойдинлашиб бормоқда, деб ёзади CNN.

Собиқ вице президент Байден Флорида, Иллинойс ва Аризона штатларининг барчасида асосий рақиби сенатор Берни Сандерс устидан ғалаба қозонди. Байденнинг Сандерсга қараганда катта фарқ билан (1077 овозга қарши 770 овоз) олдинлаб кетганини ҳисобга олган телеканал Сандерснинг пойгадан чиқиши яқин кунларда маълум бўлиши мумкинлигини башорат қилди.

Маълумки, сайлов пойгаси билан боғлиқ тадбирларнинг бир қисми коронавирус туфайли ёз ойига кўчирилган. Шунингдек, телеканалнинг таъкидлашича, собиқ вице президент ўзини аллақачон партиядан ваколат олгандек, хурсанд бўлиб юрибди.

Трампнинг рақиблари ҳамон бир тўхтамга кела олмаяпти. Уларнинг тарқоқлиги эса Трампга қўл келади ва у яна президент бўлиши мумкин, дейилади хабарда.

Трампнинг ўзи эса, янги муддатга президентликка номзодини кўрсатиши учун партиядошларининг етарлича овозини аллақачон олиб бўлган.

Кузатувчиларнинг фикрига кўра, Сандерс таслим бўлишни истамаяпти ва яқин орада сайловолди пойгадан чиқиб кетишни режалаштирмаётган кўринади. Демак, шундоғам праймериз чўзилиб кетганидан норози бўлаётган партиядошларининг босим ўтказишига қарамай, ўжар сенатор пойгада қолади, дейилмоқда. 

Демократларнинг норози бўлишига сабаб эса, номзодни сайлаб олиш жараёнининг узоқ чўзилиб кетганидир. Агар жараён шундай чўзилаверса, амалдаги президент Дональд Трамп билан ҳал қилувчи курашда демократик партиянинг позицияси кучсизланиб қолиши ҳеч гап эмас, дейишмоқда улар.

3 601
ЎзА