ЎзА Ўзбек

04.03.2019 18:52:49 Чоп этиш версияси

Трамп Кимдан махфий заводни беркитишни талаб қилди

"Ўтган ҳафтада Ханойда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан музокораларининг самарасиз якунланганига шимолий Корея раҳбариятининг уранни тўйинтиришга мўлжалланган махфий заводни беркитишдан воз кечгани сабаб бўлди", дейилади Буюк Британиянинг "Sunday Times" газетасида босилган мақолада.

Нашрнинг маълум қилишича, АҚШ делегацияси Ханойдаги саммитда Шимолий Корея вакилларига Америка разведкасига Пхеньян яқинида жойлашган "Кангсон" объекти борлиги маълум эканини маълум қилган. Трамп Кимдан мазкур объект беркитилишини талаб қилган, аммо Ким рад жавобини берган.

Шундан кейин музокоралар муддатдан аввал, тантанали тушлик ва бирор бир ҳужжат имзоланмаган ҳолда якунланган.

Таъкидланишича, АҚШ разведкаси сунъий йўлдошдан олинган суратлар таҳлили орқали Чхоллима шаҳрида объект мавжудлигини аниқлаган.

Бу иншоотнинг мавжудлиги аввал ҳам маълум қилинган, аммо у Шимолий Кореянинг Йонбёндаги ядро иншооатига нисбатан камроқ тилга олинарди.

Дональд Трамп Ханойдаги музокоралар якунида берган баёнотида, Ким Чен Ин Америка барча санкцияларни бекор қилган тақдирдагина ядро қуролларидан воз кечишини айтгани туфайли саммитни тарк этганини маълум қилган эди.

КХДР вакилларининг баёнотига қараганда, гап барча санкцияларни бекор қилиш ҳақида эмас, балки аҳолининг кенг қатламини қамраб олган санкциялар ҳақида.

Шу билан бирга, АҚШ раҳбарияти музокоралар давом эттирилишига тайёр эканликларини айтишади.

Якшанба куни АҚШ ва Жанубий Корея баёнот бериб, ҳар йили ўтказиладиган йирик қўшма машқлар КХДР билан музокоралар қайта тикланиши учун бу йил ўтказилмаслигини маълум қилдилар.