ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Трамп импичмент жараёнини “Америка сиёсати тарихидаги энг буюк фирибгарлик“ дея таърифламоқда

Трамп импичмент жараёнини “Америка сиёсати тарихидаги энг буюк фирибгарлик“ дея таърифламоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп 4 декабрга белгиланган импичмент бўйича эшитувларда иштирок этмайди.

Бу борадаги мактубни Оқ уй юридик маслаҳатчиси Пэт Чиполлоне АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг суд қўмитаси раиси Жеррольд Надлерга юборди, дейилади “CNN” хабарида.

“Гувоҳлар исми айтилмагунга қадар, шунингдек суд қўмитаси президентга нисбатан адолатли жараён таъминланиши ноаниқлигича қолаётгани туфайли биз эшитувларда иштирок эта олмаймиз. Ҳозирги вазиятда чоршанба кунги эшитувларда иштирок этмоқчи эмасмиз“, дейилади Чиполлоне мактубида.

Мактубда қайд этилишича, суд қўмитасининг мажлиси Трамп Лондонда НАТО саммитида иштирок этаётган бир вақтда бўлиб ўтади. Чиполлоненинг баёнотига кўра, демократлар “атайлаб“ шу санани танлашган.

Маълумот ўрнида, Дональд Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилгани импичментга сабаб бўлмоқда.

Трамп Украина президентига гўёки ўзининг сиёсий рақиби Жо Байденга нисбатан Украинадаги тергов ҳаракатлари тикланиши юзасидан босим ўтказган.

Суд қўмитасининг 4 декабрь кунги мажлисида Трампга импичмент эълон қилиш учун конституциявий асослар бор ёки йўқлиги жумладан, унинг хатти-ҳаракатлари АҚШ Конституциясида белгилаб қўйилган жиноятларга мос келиш ёки келмаслиги муҳокама қилинади.

Бунинг учун Конгрессга юристлар, конституцион ҳуқуқ бўйича экспертлар таклиф қилинган.

Трамп демократлар томонидан қўйилаётган айбловларни инкор этиб, ўзига нисбатан жорий қилинаётган импичмент жараёнини “Америка сиёсати тарихидаги энг буюк фирибгарлик“ дея таърифламоқда.

1 592
ЎзА