ЎзА Ўзбек

26.07.2020 Чоп этиш версияси

Тожикистонда тўйларни ўтказиш тартиби ўзгарди

Тожикистонда тўйларни ўтказиш тартиби ўзгарди

Тожикистон ҳукумати кўрсатмасига биноан мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида бундан кейин тўйлар фақат оила аъзолари иштирокида, кўпи билан 30-40 кишилик қилиб ўтказиладиган бўлди, деб маълум қилди «Ховар» ахборот агентлиги Ҳукумат ҳузуридаги Дин ишлари, миллий удумлар, тантана ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўмитанинг берган маълумотига таяниб.

«27 июль душанба кунидан бошлаб жорий қилиниши кутилаётган янги тартиб бўйича, тўй маросимларида иштирок этадиган меҳмонлар сони 30-40 кишидан ошиб кетмаслик керак», дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Қўмита Республика вилоятлари, шаҳарлар ва туманлар ижро ҳокимиятларига телеграмма жўнатди.

«Мазкур тартиб республикада COVID-19 инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлашмагунга қадар амалда бўлади», — деди қўмитанинг матбуот котиби Афшона Муқим «Ховар» мухбири билан суҳбатда.

Тожикистонда бундан аввал, аниқроғи 20 июндан тўйларга кўпи билан 100 кишини таклиф этишга рухсат этилган эди.

9 726
ЎзА