ЎзА Ўзбек

12.02.2019 Чоп этиш версияси

Тожикистон юксак сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакат

Тожикистон юксак сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакат

Тожикистон – юксак чўққилар, жўшқин ва сержилва дарёлар, гўзал ва бетакрор кўллар, музликлар, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга мамлакат. Тожикистоннинг айнан тоғли ландшафти ушбу мамлакат табиатининг ўзига хос ва бетакрорлиги, ранг-баранг иқлимини белгилайди. Вахш водийсининг жазирама иссиғида тоблангач, бир ярим соатлик парвоздан сўнг Помирнинг абадий музликлари воҳасида салқинлашингиз мумкин. 

photo5409007926716246504.jpg

Мамлакат ҳудудининг 93 фоизи Помир, Ҳисор-Олой ва Тянь-Шань тоғ тизмаларидан иборат. Тожикистон ҳудудида денгиз сатҳидан 7495 метр баландликкача бўлган улуғвор Помир тоғлари жойлашган. 

Бу ерда 7 минг метр баландликда жойлашган Исмоил Сомоний ва Евгений Корженевский тоғларида альпинистлар йўлаклари, овчилик хўжаликлари, табиий ландшафтлар, ғорлар ва термал, совуқ, карбонад ангидрид ва чақмоқтош сув булоқлари бор. Тожикистонда ҳар йили халқаро альпинистлар экспедициялари ташкил қилиниб, уларда турли мамлакатлар альпинистлари баланд чўққиларга кўтарилади. Барча қитъалардан келган спортчилар Помирнинг энг баланд қутби – Исмоил Сомоний чўққисини забт этишга интилади. 

photo5409007926716246506.jpg

Мамлакатдаги баланд тоғлар ичида Фон тоғлари сайёҳлар ва альпинистлар орасида айниқса машҳур. Ушбу тоғларнинг тошли чангалзорларида, 2200 метр баландликда шимолий Тожикистоннинг энг йирик кўли – Искандаркўл жойлашган. Бу ерда сайёҳлар юлдузлар ва кўл юзасидан кўтарилган гўзал туман манзарасини кузатиши мумкин. 

photo5411281656632944960.jpg

Тожикистон ҳудудида қарийб 200 минерал сув булоқлари мавжуд бўлиб, туризмнинг санаторий-курорт йўналиши яхши ривожланган. Улар орасида энг машҳурлари “Хўжа Оби гарм” курорти, “Шаамбар”, “Оби гарм”, “Зумрад”, “Ҳавотоғ” сиҳатгоҳларидир. Тожикистон сиҳатгоҳ ва курортларида юрак қон-томир, суяк-мушак тизимлари, нафас йўллари, ошқозон-ичак тракти, жигар ва ўт йўллари, гинекология ва тери касалликларини даволаш хизматлари кўрсатилади. “ Гармчашма”, “Жиланди”, “ Шоҳдара” сиҳатгоҳларининг иссиқ булоқларида оҳак қатламлари ҳосил бўлади. Айниқса, Хоруғ шаҳридан 35 километр узоқликда жойлашган “Гармчашма” булоғида улар ўзгача нафислик касб этган. Бу булоқ денгиз сатҳидан 2325 метр баландликда жойлашган бўлиб, ўта оппоқ травертинлари туфайли узоқдан ҳам яққол кўзга ташланади. 

photo5409007926716246503.jpg

Тарихий-маърифий сайёҳлик йўналиши бўйича Тожикистонга келган меҳмонларга 3000 дан ортиқ ўрин таклиф этилади. Саразм Тожикистондаги жаҳон меросига тааллуқли қадимий ёдгорлик бўлиб, у милоддан аввалги IV-II асрларга оид овулдир. 1600 йил аввал лойдан ясалган дунёдаги энг йирик – 13 метрлик уйқудаги Зерван буддаси ҳайкали миллий музейимизда сақланади. 

Ҳозирги пайтда Тожикистонда туризм соҳаси жадал суръатлар билан ривожланмоқда. 2018 йил мамлакатда Туризм йили шиори остида ўтди. Тожикистон ҳукумати томонидан 2030 йилга қадар туризмни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. 

photo5411281656632944963.jpg

Унда туризмнинг устувор йўналишлари белгилаб қўйилган. Булар санатория-курорт шароитида даволаниш ва дам олиш, альпинизм (айниқса Тожикистондаги энг баланд чўққи, дунёдаги Эверест чўққисидан кейин иккинчи ўринда турадиган Исмоил Сомоний чўққисида альпинистлар ўртасида жуда машҳур), тоғ-спорт ва экологик, тарихий-маърифий ва этнографик ҳамда ишбилармонлик туризми, рафтинг, тоғ-чанғи спорти, сайёҳлик овчилиги (бу айниқса тоғ эчкисига ов қилиш бўйича жуда машҳур). 

Сўнгги йилларда аэропортлар, чегара-ўтказиш пунктларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш анча яхшиланди, визаларни расмийлаштириш ва рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилмоқда. 

photo5409007926716246505.jpg

Энди сайёҳлик фирмалари ўз фаолиятининг дастлабки беш йилида фойда солиғидан озод этилади. Авиалайнерлар, локомотив ва замонавий вагонлар, шунингдек, сайёҳлик объектлари, жумладан меҳмонхоналар, дам олиш зоналари, курортлар, пансионатлар, чанғи базалари, ресторанлар, маданий-кўнгилочар боғлари, йўл бўйи инфратузилмаси, сайёҳлик марказлари қурилиши учун зарур бўлган ускуналар, техника ва қурилиш материалларини импорт қилиш солиқ ва божхона тўловларидан озод этилади. 

Мамлакатда сайёҳлик компанияларининг сони тобора ортиб бормоқда. 2018 йилда уларнинг сони 75 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 145 тага етди.

“Панчакент-Интур”, “Ориент Адвентур”, “Боми Чахон Тур” ва яна еттита компания улар орасидаги энг йириклардандир. 

photo5409007926716246507 (1).jpg

2018 йилда Тожикистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,6 баравар ошган. 2017 йилда қарийб ярим миллион нафар сайёҳ мамлакатга ташриф буюрган, 2018 йилда эса уларнинг сони миллион нафардан ошган. 

Тожикистоннинг сайёҳлик компаниялари “ITB-Берлин” (Германия), “Итурмаркет” (Москва, Россия), “Топ Реса” (Париж, Франция) сингари халқаро ҳамда Япония, Италия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда ўтказилган кўргазмаларда иштирок этган. Тожикистоннинг туризм салоҳияти Куала-Лумпур (Малайзия), Доха (Қатар), Сеул (Жанубий Корея), Ар-Риёд (Саудия Арабистони), Олма-Ота ва Тошкентда бўлиб ўтган сайёҳлик фестиваллари, кўргазма ва форумларда намойиш этилди. 

Республикада сайёҳлар учун ажойиб ва қизиқарли масканлар жуда кўп. Етти тилда, жумладан, ўзбек ва рус тилларида www.traveltajikistan.tj миллий сайёҳлик портали фаолият юритмоқда. Youtube, Facebook, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлардан ҳам жозибали сайёҳлик турларини топиш мумкин. Мамлакатда кўплаб сайёҳлик форумлари ва кўргазмалар ўтказиб турилади. 

photo5411281656632944961.jpg

Сўнгги йилларда кўплаб хорижий телевизион каналлари тоғли мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари ва сайёҳлик воҳаларига қизиқиш билдирмоқда. Масалан, 2018 йилда “НТВ” телеканали Тожикистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида қизиқарли кўрсатув тайёрлади. 

2018 йилда Помир тоғлари яна бир бор дунё экотуризмидаги юзта энг жозибадор жойлари рўйхатига киритилди. Британиянинг “Wanderlust” сайёҳлик журнали Тожикистонни туризм учун энг жозибадор бўлган мамлакатлар ўнталигига, “Globe Spots” ижтимоий тармоғи эса саргузаштли туризм учун жозибадор бўлган мамлакатлар ўнталигига киритди. Машҳур “National Geographic” журналининг рус тилидаги талқини Помир тоғидаги автойўлни дунёдаги энг чиройли автойўллар ўнталигига киритди, “The Independent” газетаси Душанбе шаҳрини тунги вақтда хавфсиз энг яхши ўнта шаҳар рўйхатига киритган бўлса, Россиянинг ТурСтат Агентлиги МДҲ мамлакатлари сайёҳлари учун ёз ва куз ойларида энг жозибали шаҳарлар ТОП ўнталигига киритди. 2018 йилда Душанбе Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерациясига қабул қилинди. Машҳур “Financial Times” газетаси Тожикистонни 8 мамлакат қаторига киритди ва ўқувчиларига ушбу ажойиб мамлакатга ташриф буюришни тавсия қилди. 

Суҳроб Абдуллаев,
Тожикистон Республикаси Ҳукумати
ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш
қўмитасининг Халқаро бўлими бош мутахассиси​

3 529
ЎзА