ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Тожикистон расмийлари мамлакат аҳолисининг нотўғри овқатланишидан хавотирда

Тожикистон расмийлари мамлакат аҳолисининг нотўғри овқатланишидан хавотирда

Шифокорлар нотўғри ва носоғлом овқатланиш ортиқча вазн ва семириб кетишга, юрак-қон томир касалликларига, артериал гипертония ҳамда қандли диабетга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.
Ўз навбатида, тожикистонликлар ҳукуматни мамлакат озиқ-овқат бозорига сифатсиз маҳсулотлар олиб киришда айбламоқда.

Хот-дог, гамбургер, шаурма ва фаст-фуднинг бошқа турлари Душанбедаги тамаддихоналарда машҳур ва арзондир. Қисқа фурсатда овқатланиш нуқталари пойтахт ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида деярли ҳар қадамда учрайди.

Яқинда Тожикистон тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 17 фоизи ортиқча вазнга эга ва 11 фоизи семиришдан азият чекаётгани аниқланди. Ўтказилган сўровга кўра, мамлакатдаги ўсмирларнинг 5 фоизи ортиқча вазнга эга экан.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Овқатланиш Республика маркази директори Ҳотамбек Хайровнинг сўзларига қараганда, ортиқча вазн муаммоси ширинлик, гўшт ва таркибида ёғ бўлган сут маҳсулотларини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади.

“Муаммонинг яна бир сабаби – тез тайёр бўладиган таомлар истеъмол қилишдир. Бу таомларга инсон саломатлигига зарар етказувчи сунъий маҳсулотлар қўшилади“, дейди Хайров.

Овқатланиш рационини қайта кўриб чиқиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Тожикистон ҳукумати “Семириш профилактикаси ва соғлом овқатланиш бўйича 2019-2024 йилларга мўлжалланган дастур“ қабул қилди.
Мамлакат Овқатланиш Республика маркази директори Ҳотамбек Хайровнинг сўзларига кўра, “агар аҳолининг семириши билан боғлиқ муаммо барқарор тенденция касб этса, у ҳолда соғлиқни сақлаш бюджетининг 6 фоизга яқини бу муаммони бартараф этишга сарфланади“. 

Тожикистон парламенти депутати Саиджафар Усмонзода тожик деҳқонлари юқори ҳосил олиш мақсадида соғлиқ учун зарарли бўлган ва таъқиқланган ўғитларни ишлатаётганидан хавотирга тушганини айтган. “Точикстандарт” агентлиги қоидаларига кўра, текширувлар ҳақида тадбиркорлар аввалдан огоҳлантириладилар, шу сабабли ҳам бу идора ходимлари қайсидир объектга келишидан аввал барча камчиликлар бартараф этилади. Аслида текширувлар кутилмаганда бўлиши керак“, дейди депутат.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар бир кишининг кундалик рационнинг 50 фоизи сабзавот ва мевалардан иборат бўлиши керак, жисмоний ҳаракатлар учун эса ҳафтада камида 150 дақиқа ажратилиши лозим.

2 138
ЎзА