ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Тожикистон парламенти рус тилига ихтисослашган бешта мактаб қурилишига рухсат берди

Тожикистон парламенти рус тилига ихтисослашган бешта мактаб қурилишига рухсат берди

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Мажлиси намояндагон 15 январь куни Тожикистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида эришилган бешта рус тилли мактаб қуриш ва моддий-техник жиҳатидан таъминлаш борасидаги шартномани ратификация қилди.

15 январь куни ҳужжатни парламент депутатларига тақдим қилган Тожикистон Таълим ва Фан вазирининг ўринбосари Раҳматулло Мирбобоев янги мактаблар Душанбе, Кулоб, Хўжанд, Бохтар ва Турсунзода шаҳарларида қад ростлашини айтди. Ҳар бир ўқув муассасасида 1200 нафаргача бола таълим олиши мумкин. Вазир ўринбосарининг айтишича, янги мактаблар яқин уч йилда фойдаланишга топширилади.

Россия томонидан Тожикистонда бешта рус тилли мактаб қуриш борасидаги Шартнома Москвада 2019 йил апрелида РФ президенти Владимир Путин ва Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокаралар якунида имзолаган эди. “Мактаблар фойдаланишга топширилгач бу таълим даргоҳларида Россия таълим стандартлари бўйича сабоқ берилади”, дейилади Шартномада.

Парламентда Шартнома ратификация қилинганидан сўнг Раҳматулло Мирбобоев вазирлик рус тилли мактабларни маҳаллий ўқитувчилар билан таъминлашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил август ойи сўнгида Душанбега Россиядан 30 нафар ўқитувчи келди. 2018 йилнинг кузида Тожикистонга Россиянинг турли минтақаларидан яна 48 нафар педагог йўл олди. Улар республиканинг турли шаҳарларидаги 20 та мактабга тақсимланди.

Россиялик ўқитувчилар тожик ўқувчиларига рус тили, адабиёт, математика ва физикадан сабоқ беришади. Хабарларга кўра, улар Тожикистонда 74 минг рубль (тахминан 1200 доллар) миқдорида маош олади. Шундан 14 мингини тожик томони, 60 мингини Россия таълим ва фан вазирлиги тўлайди.

1 785
ЎзА