ЎзА Ўзбек

07.11.2012 16:20 Чоп этиш версияси

“Toyota” автомобилларига талаб ошмоқда

Ҳайдовчисиз автомобиллар учун

АҚШнинг Стенфорд университети олимлари ҳайдовчисиз автомобилларни бошқариш тизими устида иш олиб бормоқда. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, тадқиқотчиларнинг мақсади электрон бошқарув тизимига эга автомобиллар оммавий равишда жорий этилганидан сўнг уларда юзага келадиган муаммоларнинг олдини олишдан иборат. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига қараганда, бунинг учун автомобиль ҳаракатига оид барча маълумотни тўплайдиган янги қурилма яратиш зарур.

Мутахассисларнинг айтишича, йўлларда ҳайдовчисиз машиналар пайдо бўлганидан кейин ушбу янги технологиянинг аҳамияти янада ортади. Боиси ҳайдовчисиз автомобиль ҳалокати сабабларини фақат шундай қурилма ёрдамида аниқлаш мумкин.

“UBS” молиявий танг аҳволда

Швейцарияда давом этаётган иқтисодий инқироз мамлакатнинг “UBS” банки молиявий аҳволига путур етказмоқда. РАТА-ТАССнинг хабар беришича, глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида мазкур банк қирқ икки миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган. “UBS” иқтисодий қийинчиликлар туфайли жорий йилда ўн минг нафар ходимини ишдан бўшатиш ниятида. Айни пайтда банкда олтмиш тўрт минг ходим фаолият юритмоқда.

“UBS” вакилларининг сўзларига кўра, ходимлар сонини камайтириш банкка қарийб тўрт миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ тежаш имконини беради.

Қимматбаҳо стол кимошди савдосида

Дунёга машҳур “Дракула” асарининг муаллифи – ирландиялик Брэм Стокернинг иш столи кимошди савдосига қўйилади. Кимошди савдоси жорий йилнинг 15-16 декабрь кунлари АҚШнинг “Profiles in History” савдо компанияси сайтида ўтказилади.

“Profiles in History” вакилларининг маълумотларига кўра, Брэм Стокернинг иш столини британиялик дизайнер Марк Брейзер-Жонс қўлга киритган эди. Дизайнер томонидан таъмирланган ушбу стол саксон минг АҚШ долларига сотилиши кутилмоқда.

“Toyota” автомобилларига талаб ошмоқда

Сўнгги ойларда Япониянинг “Toyota” корпорацияси молиявий аҳволи яхшилана бошлади. Жорий йил январь-июль ойларида унинг соф фойдаси 548,2 миллиард иенни (6,9 миллиард АҚШ долларига тенг) ташкил қилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 81,5 миллиард иен эди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, жорий йилда компания 4,52 миллион дона автомобиль сотган. “Toyota” йил охиригача маҳсулот сотиш ҳажмини янада ошириш ниятида.


ЎзА, Н.Манзурова
7 033