ЎзА Ўзбек

15.03.2019 17:44 Чоп этиш версияси

Тошкентда «КazаkhExport» офиси очилди

Тошкентда «КazаkhExport» офиси очилди

Қозоғистоннинг «КazаkhExport экспорт-суғурта компанияси» акционерлик жамияти Ўзбекистон бозоридаги ўрнини кенгайтирмоқда – 14 март куни Тошкентда унинг ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги хабар берди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон похтахтидаги мазкур офис ўз мазмун-моҳияти ва мақсадлари билан қанчалик аҳамиятли бўлса, унинг илк бор ташкил қилинаётган Марказий Осиё иқтисодий форуми арафасида очилганида шунчалик чуқур рамзий маъно бор.

Маълумки, айни пайтда Тошкентда Бош вазир ўринбосарлари даражасида дастлабки шундай анжуман бўлиб ўтмоқда. Унда сармоявий соҳадаги ҳамкорлик, минтақалараро савдо-сотиқни рағбатлантириш, туристик жозибадорликни ошириш, транспорт ва транзит салоҳиятини юксалтириш каби долзарб масалалар муҳокама қилиняпти.

«КazаkhExport» офисининг фаолияти асосан Қозоғистон экспортчиларини суғурта соҳасида қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ҳозирги кунда компания дастаги билан қўшни ўлка ишбилармонлари юртимизга озиқ-овқат, гўшт ва қандолат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни етказиб бермоқда. Янги ваколатхона Ўзбекистонга Қозоғистон экспортини диверсификация қилиш, маҳсулот ва хизматлар турини кўпайтириш, ҳажмини оширишга хизмат қилади.

«КazаkhExport» компанияси билан ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, икки томонлама савдо қатнашчилари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон компанияларининг экспорт-импорт операцияларини молиялаштиришга банкларни жалб этиш имкониятлари кенгаяди. Компания бошқаруви раиси Руслан Искаковнинг айтишича, «КazаkhExport» офиси очилиши доирасида “Алоқабанк” ва “Қишлоққурилишбанк” билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган.

Томонлар нохомашё товарлар экспортини кўпайтириш, иқтисодиётнинг устувор соҳаларида хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор беришга келишиб олгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу экспорт-импорт операциялари қатнашчилари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон компаниялари анъанавий савдо маҳсулотлари билан чекланмасдан, юқори қўшимча қийматли товарлар етказиб беришга, техник ва технологик тажриба алмашиш орқали бир-бирига малакали хизмат кўрсатишга интилаётганидан далолатдир.

Музайяна Машрабхон

ЎзА
2 532