ЎзА Ўзбек

12.04.2020 Чоп этиш версияси

Толиблар 20 нафар асирни озод қилмоқчи


“Толибон“ радикал ҳаракати бугун 20 нафар асирни озод қилиб, Халқаро Қизил Хоч Жамиятининг Қандаҳор провинциясида жойлашган қўмитасига топширишга қарор қилди. Бу ҳақда “Толибон“ ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси расмий вакили Суҳайл Шахин маълум қилган.

Бундан олдинроқ Афғонистон ҳукумати ҳаммаси бўлиб 300 нафар толибонларни қўйиб юборган эди.

“Бугун (яъни, якшанба куни) Қобул маъмуриятининг 20 нафар асирга олинган вакили “Афғонистон Ислом амирлиги“ томонидан озод қилинади ва Қандаҳордаги Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига топширилади“, — деб ёзган Шахин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Февраль ойи охирида Қатарда АҚШ ва “Толибон“ ўртасида сўнгги 18 йил ичида илк бор тинчлик тўғрисидаги битим имзоланган. Ушбу ҳужжатга кўра, Афғонистондан 14 ой мобайнида хорижий қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши ва март ойида ўзаро асирлар алмашинуви амалга оширилгач, мамлакатда ички Афғон мулоқоти йўлга қўйилишига келишилган эди.

Аввалига асирларни халос этиш бўйича ҳаракатлар 31 мартдан бошланиши эълон қилинди, аммо кейинроқ Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жавид Фейсал томонлар муҳокамани давом эттираётгани тўғрисида баёнот берди. Сўнгра икки томон асирларни 2 апрелдан бошлаб алмашишга келишди, бироқ бу сафар ҳам жараён юрмасдан, тўхтаб қолди. 7 апрель куни “Толибон“ масъуллари Афғонистон ҳукумати билан музокаралар тўхтатилишини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида толибларни озод қилиш масаласи ортга сурилаётгани кўрсатилди.

Ва ниҳоят Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши “Толибон“ радикал ҳаракати аъзоларидан яна 100 нафари қамоқдан чиқарилиши тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Бу ҳақда “TOLO News” телеканали орқали маълум қилинди.

Таъкидланишича, бу озод қилинганларнинг учинчи гуруҳи. Аввалроқ 200 нафар толибон асир қўйиб юборилган.

1 373
ЎзА