ЎзА Ўзбек

28.08.2018 15:38 Чоп этиш версияси

Токиода ҳайдовчисиз таксилар йўловчи ташишга киришди

Токиода ҳайдовчисиз таксилар йўловчи ташишга киришди
“Hinomaru Kotsu” такси компанияси ZMP фирмаси билан ҳамкорликда синов тариқасида йўловчиларни ҳайдовчисиз автомобилларда ташиш хизматини йўлга қўйди. Бу ҳақда компания расмий саҳифасидаги маълумотларга асосланиб ТАСС хабар бермоқда.

Таксилар Токионинг Отэмати ва Роппонги массивлари бўйлаб 5,3 километр масофада ҳаракатланмоқда. Синов 8 сентябрга қадар давом этади.

Йўлда ҳаракатланаётган машинанинг автоматик тарзда бошқарилиши турли бурилишлар, автомобиллар оралиқ масофасини сақлаш ва бошқа техник жиҳатларни кўзда тутади. Синов даврида автоуловнинг ҳаракатланиши давомида ҳайдовчи ҳам иштирок этиб, фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфи туғилганда машина қўл бошқарувига ўтказилади.

Илк тажриба-синовда иштирок этувчи йўловчилар июль ойиданоқ саралаб олинган. Йўл кира ҳақи 1500 иена (тахминан 14 АҚШ доллари).

Компания вакилларининг таъкидлашича, ушбу тадқиқот асосан бошқарувдаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, 2020 йили Токиода ўтадиган Олимпиада ўйинлари арафасида амалиётга жорий этилиши кутилмоқда.

Ўтган йили Япония ҳукумати ҳайдовчисиз бошқариладиган технологияларни ривожлантириш ва атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган янги авлод автомобилларини яратиш мақсадида 2,85 триллион иена (тахминан 25 миллиард АҚШ доллари) ажратган эди. Ҳукумат, 2030 йилга келиб Япония кўчаларидаги ҳаракатланувчи ҳар бешинчи автомобиль ҳайдовчисиз автомобиль бўлишига умид қилмоқда.

Дилобар Маматова, ЎзА
3 561