ЎзА Ўзбек

12.06.2019 14:28 Чоп этиш версияси

Тоқаев ташқи сиёсатда Президентнинг ролини сусайтирмасликка ҳаракат қилишини таъкидлади

Тоқаев ташқи сиёсатда Президентнинг ролини сусайтирмасликка ҳаракат қилишини таъкидлади

Қозоғистоннинг сайланган Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бугун қасамёд қабул қилди ва расман давлат раҳбари лавозимини бажара бошлади.

Расмий маълумотларга қараганда, 9 июнда бўлиб ўтган муддатдан аввалги сайловда 77 фоиз сайловчи иштирок этган. Президентлик сайловларида Тоқаев салкам 71 фоиз овоз олди.

Тоқаев мамлакат Президенти сифатида иккинчи марта қасамёд қабул қилди. Унинг биринчи инаугурация маросими 20 март куни – мамлакатни салкам 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоевнинг истеъфосига чиққанидан сўнг бўлиб ўтган эди.

Куни кеча Тоқаев овоз бериш жараёнларидан сўнг ўзининг илк матбуот анжуманини ўтказди, у сўзида ўзини ўтиш даври Президенти эмас “тўлақонли” Президент эканлигига урғу берди. У Қозоғистонга нисбатан ишлатилаётган “ҳокимият транзити” атамасига барҳам бериш кераклигига чақирди.

Ички сиёсатда қўйиладиган қадамларга тўхталиб ўтган Тоқаев ўзининг ўтмишдоши томонидан илгари сурилган стратегияни ҳаётга татбиқ этиш ниятида эканлигини айтди ва шу билан бирга ташқи ва ички сиёсатда Президентнинг ролини сусайтирмасликка ҳаракат қилишини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, сиёсат ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва инвестициялар жалб қилиш, “ўрта синфни шакллантиришга” қаратилади. “Фуқаролик жамияти ривожланишига алоҳида эътибор қаратилишига” ваъда берган Тоқаев махсус орган – Жамоат ишончи миллий кенгаши тузилишини эълон қилди.

ЎзА
1 664