ЎзА Ўзбек

23.09.2018 Чоп этиш версияси

Тереза Мэйнинг муддатдан аввалги сайловлар учун режаси тайёрланмоқда

Тереза Мэйнинг муддатдан аввалги сайловлар учун режаси тайёрланмоқда
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг ёрдамчилари яширин ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишмоқда. Агар ноябрь ойида Бирлашган Қиролликда муддатдан аввалги парламент сайловлари ўтказиладиган бўлса у ишга туширилади. Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда "The Sunday Times" хабар бермоқда.

Нашрнинг қайд этишича, бу каби вазият "Brexit" шартлари бўйича Лондон ва Брюссел ўртасидаги музокаралар самара бермаса юз бериши мумкин. Бироз муддат аввал Мэй ЕИ июль ойида ҳукумат томонидан тақдим этилган режани қабул қилмаётгани сабабли бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини таъкидлаганди. Мэй сиёсатига қарши бўлган кучлар келгуси ҳафтада унинг режасига муқобил лойиҳани тақдим этиш ниятидалар. Бу эса консерваторларнинг 30 сентябрь куни ўтказиладиган йиллик конференцияси олдидан етакчининг нуфузига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, Мэй девонида миграция сиёсатига оид масалалар борасида ҳам бир тўхтамга келинмагани сиёсатчилар томонидан танқид қилинмоқда.

Нашрнинг хабар беришича, бош вазир ишонч вотумидан қутулиш учун 2019 йилнинг ёзида ўз ихтиёрига кўра лавозимини тарк этини мўлжалламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш шартлари бўйича музокаралар 2017 йилнинг 19 июнида бошланган эди. Бу санадан бир йил аввал эса айни масала юзасидан ўтказилган референдумда 51,9 фоиз овоз билан Европа интеграциясига қарши бўлганлар ғалаба қозонган эди.

Европа Иттифоқининг Зальцбургда ўтган навбатдан ташқари саммитида сўзга чиққан Мэй музокаралар жараёнини самарасиз бўлаётганидан шикоят қилган.

"Brexit"нинг ўзи 2019 йилнинг 29 мартида амалга оширилиши керак, режага биноан айни шу кундан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар давом этадиган ўтиш даври бошланади.

3 431
Н. Тошпўлатова, ЎзА