ЎзА Ўзбек

06.11.2012 17:01 Чоп этиш версияси

Техник носоз атом реакторлари

Антиқа кўзойнаклар

Япониялик олимлар инсонни ортиқча вазндан халос этувчи антиқа кўзойнак яратди. Мазкур кўзойнакларга ўрнатилган махсус ойна тановул қилинаётган таом ҳажмини қарийб эллик фоизга катталаштиради. Ундаги ҳид тарқатувчи ускуна киши димоғини овқатнинг хушбўй ҳиди билан тўйдириш хусусиятига эга. Бу одамда овқат ейишга бўлган истакни сўндиради. Бундай ажабтовур кўзойнакни тақиб овқатланган ҳар қандай инсон одатдагидан ўн фоиз кам миқдорда таом истеъмол қилар экан.

Японияда ўтказилган “Digital Content Expo” кўргазмасида намойиш этилган бу инновацион технология 2013 йилда сотувга чиқарилади.

Қувватловчи пойабзал

АҚШлик кашфиётчилар ҳар қандай батареяларни қувватловчи ускуна ўрнатилган пойабзал яратди. Бундай пойабзал кийган киши ҳаракатланаётган вақтда ҳам мобиль телефон ёки планшет, ноутбукларни осонгина қувват олдириши мумкин. Маълумотларга кўра, энергия ҳосил қилувчи суюқлик қопланган ушбу пойабзал ерга қадам қўйилган заҳоти тахминан йигирма ватт электр энергияси ишлаб чиқариш хусусиятига эга.

Мутахассисларнинг айтишича, мазкур янги пойабзал кишига ҳеч қандай хавф ва ноқулайлик туғдирмайди. Баҳоси арзон бўлган бундай пойабзалларни АҚШнинг исталган дўконларидан харид қилиш мумкин.

Техник носоз атом реакторлари

Жанубий Кореянинг Йонгван АЭСидаги бир неча атом реакторлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Қалбаки ҳужжатлар орқали атом реакторлари савдоси билан шуғулланувчи компания маҳсулотида кўплаб техник носозликлар аниқланган. Текширувлар натижаси шуни кўрсатадики, айни дамда номи сир тутилаётган бу компаниянинг атом реакторлари хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бера олмайди. Шу боис мазкур техник носоз реакторлар 2013 йилгача мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилади.

Жанубий Корея иқтисодиёт вазири Хонг Сук Вунинг таъкидлашича, ушбу атом реакторлари фаолиятининг тўхтатилиши жорий йилда мамлакатда электр энергияси тақчиллигини юзага келтиради. Мамлакатдаги “Korea Hydro and Nuclear Power” давлат энергетика компанияси ноқонуний ҳужжатлар билан маҳсулот ишлаб чиқарган компания фаолиятини текширувдан ўтказади. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, мамлакатда умумий ҳажмда йигирма учта атом реакторлари ишламоқда.


ЎзА, М.Умарова
9 144