ЎзА Ўзбек

19.03.2020 Чоп этиш версияси

“ТАСС” махсус лойиҳада Леоновнинг очиқ фазога чиқишини қайта жонлантирди

“ТАСС” махсус лойиҳада Леоновнинг очиқ фазога чиқишини қайта жонлантирди

Космонавтика тарихида ёрқин из қолдирган фазогир Алексей Леоновнинг машҳур парвозига 55 йил тўлиши муносабати билан “ТАСС” агентлиги ноёб бир лойиҳага қўл урди.

“Леонов, сенинг чиқишинг!“ деб номланган мазкур лойиҳада “Восход-2“ фазо кемаси экипажи эришган оламшумул натижани космонавт нигоҳи билан кузатиш имкони яратилди.

Инсоният тарихидаги илк очиқ фазога чиқиш жараёни 3D услубида босқичма-босқич кўрсатиб бериладиган мазкур томоша икки қисмдан иборат.

Биринчи бўлимда махсус 3D услубида яратилган реконструкция ёрдамида фазовий экспериментнинг барча босқичларини қадам-бақадам босиб ўтиш мумкин: шлюзнинг шиширилишидан бошлаб инсоннинг ҳавосиз бўшлиқ – вазнсизлик ҳолатига тушгунигача бўлган жараён. Бошқача айтганда, сизда худди очиқ фазодан — ташқаридан Ер сайёрасини ва шу билан бирга фазо кемасини космонавт кўзлари билан кўриш имконияти пайдо бўлади.

Лойиҳанинг иккинчи қисми эса инфографика усулида тайёрланган бўлиб, “Восход-2“ фазо кемасининг чизмаси, учиш жараёни ҳақидаги маълумотлар тўплами, шунингдек архив фотосуратлари ва видеохроника материалларидан иборат.

3D шаклидаги тимсолларнинг ҳақиқий “Восход-2“га имкон даражасида ўхшашлигини таъминлаш мақсадида муҳаррирлар ва дизайнерлар жамоаси Россиянинг фазони ўрганиш тарихи соҳасида фаолият олиб бораётган етакчи экспертлари билан ҳамкорлик қилишди.

Ижодкорларга Москва космонавтика музейи, Сергей Корлёв номидаги “Энергия“ Ракета-фазо корпорацияси ва “Звезда“ илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари яқиндан ёрдам беришди. Фото ва аудио хроника материалларини Россия давлат илмий-техник ҳужжатлар архиви тақдим этди. Эътиборлиси, ўша даврларга тегишли айрим овозли лавҳалар илк бор ҳавола этилмоқда. Леоновнинг очиқ фазога чиқиши акс этган энг ноёб ҳужжатли кинохроника кадрлари “Роскосмос” телестудияси томонидан тақдим этилди.

–“ТАСС” билан биргаликда биз космос ҳақида ҳикоя қиламиз ва оддий инсонларга фазовий воқеалар ҳам тушунарли, “яқин” бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз, — деб ҳисоблайди Москва космонавтика музейи директори Наталья Артюхина. Жамоамиз ходимлари Махсус лойиҳалар таҳририяти ижодкорларига мунтазам равишда маслаҳатлар бериб туришади. Айниқса, ҳозирги пайтда мана шундай онлайн-лойиҳалар жуда долзарб. 

Шу маънода ушбу лойиҳа мухлис-томошабинга ўзини ер юзидаги дастлабки фазогирлардан бири Алексей Архипович Леоновнинг ўрнида тасаввур этишга кўмаклашиши билан қимматли.

Замонавий технологиялар шарофати билан шундай имкониятлар яратилаётгани ҳайратланарли.




1 646
ЎзА