ЎзА Ўзбек

16.05.2019 12:44 Чоп этиш версияси

Ташқи сиёсатнинг турфа дипломатияси

Ташқи сиёсатнинг турфа дипломатияси

Айрим таҳлилчилар ташқи сиёсат билан дипломатия тушунчаларини айнан бир нарса деб ўйлайди ва бир-бирига қориштириб юборади. Ташқи сиёсат бир мамлакатнинг бошқа мамлакат билан яқин алоқалар ўрнатиши орқали эришмоқчи бўлган мақсади бўлса, дипломатия ўша мақсадга эришиш санъатидир. Ушбу тушунчаларниинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини дунёдаги энг йирик давлат — Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсати ва дипломатияси воситасида тушуниш ва англашга ҳаракат қиламиз. 

АҚШ ташқи сиёсати тарихан, бир томондан, тор изоляционизм, иккинчи томондан эса деярли қутқарувчилик интервенционизмидай бир-биридан йироқ нуқталар ўртасида тебраниб келди. Айни шу нарса бундан икки юз йилдан ошиқ вақт мобайнида АҚШнинг пайдо бўлишига туртки берган асосларни ўзида акс эттиради.

Маълумки, Америкада асосан бошқа мамлакатлардан кўчиб келган иммигрантларнинг авлодлари истиқомат қилади. Улар “Кўҳна дунё”даги диний таъқиблар, қашшоқлик ёки урушдан қочиб бориб қолган. Шу боис улар тараққиёт ва хавфсизликка эришишнинг энг яхши йўли “Кўҳна дунё”ни тарк этиш, хавотирларни имкон қадар узоқроқда қолдириб кетиш эканига ишондилар. Бу ташқи сиёсатда изоляционистик ёндашувга олиб келди. АҚШ ҳудудини бирлаштириш ёки савдо-сотиқни кенгайтириш бўйича зарур бўлган шартномалар тузишни ҳисобга олмаганда, Америка Европанинг мустамлакачи давлатлари ёки Узоқ Шарқ мамлакатлари билан иложи борича камроқ алоқа ўрнатишга ҳаракат қилди. 

Америка Қўшма Штатлари Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушига киришга шошилмади. Чунки “Кўҳна дунё”нинг ишларига ўралашиб қолмаслик истаги устувор эди. Шундай қилиб, изоляционизм АҚШ ташқи сиёсатининг асосий тамойилларидан бирига айланди. Аммо унга қарши ўлароқ бошқа бир тамойил — интервенционизм ҳам шаклланди. Унда аксарият америкаликларнинг дунёқарашини акс эттирувчи, миллатни шакллантирган, АҚШнинг “Мустақиллик декларацияси”да белгилаб қўйилган ва универсал деб ҳисобланувчи: “ҳаёт, эркинлик ва бахтга интилиш” ғоялари тажассум топган.

Аксарият одамлар, дунёда яшайдиган барча давлат ва халқ ҳам эркинлик ва демократиядан баҳраманд бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Дунёнинг қатор мамлакатлари уни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб қўйилган ҳолича қабул қилади. Лекин айрим мамлакатларнинг озодлик номидан иш кўриб, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш ҳолатлари ҳам юз берганига тарих гувоҳ. Бунга Вьетнамдаги уруш яққол мисол бўла олади. “Совуқ уруш йиллари”да совет тузуми ва Америка сиёсатида интервенционизм нисбатан кучли эди. Бу орада АҚШ ва унинг иттифоқчиларини дунёни бўйсундирмоқчи бўлган коммунизмдан ҳимоя қилиш зарурат сифатида баҳоланади. Америкалик буюк дипломат Жорж Кеннан истеъмолга киритган ташқи сиёсатнинг “тийиб туриш” доктринаси зарур бўлган ҳолларда ушбу тажовузга қарши туришни мақсад қилиб олган эди. 

Шу билан бирга, “тийиб туриш” сиёсатига амал қилар экан, АҚШ Ғарб ҳаёти ҳақидаги ошкоралик ва очиқ мулоқот пировардида уни бошқалардан ажратиб турган тўсиқларга барҳам беришига умид қилган. Берлин девори қулаганда айнан шундай бўлди ҳам. Кўплаб америкаликлар, совуқ урушдан сўнг биз изоляционизмга қайтамиз, мамлакатимиздаги мактаблар, инфратузилма ва шу каби ижтимоий муаммоларга эътибор қаратамиз, деб ўйлаган эди. Аммо Болқон яримороли, Шарқий Тимор, Руанда, Сомали ва бошқа жойлардаги можаролар авж олиб кетгач, дунё давлатлари ва АҚШ ушбу муаммоларга бефарқ қараб тура олмаслигини англади. Тинчлик ўрнатиш операцияларига, одатда, БМТнинг мандати билан ваколат берилар, АҚШ эса ушбу можароларни ҳал этишга уринарди. БМТнинг ушбу вазиятларни изга солувчи муассасаларни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар авж олди, лекин улар ҳеч қачон муаммони ҳал этадиган даражада тезкор ва кучли эмас эди. 2001 йилнинг 11 сентябрида рўй берган воқеалар ушбу мунозарага таъбир жоиз бўлса, даҳшатли хотима ясади. 

Изоляционизм ҳисси вақтинча бўлса ҳам барҳам топди. Америкаликлар “Ал-Қоида”ни қўллаб турган “Толибон” ҳаракати режимини йўқотиш учун Афғонистонга ҳарбий куч жойлаштириш кераклиги хусусида якдиллик кўрсатди. Айни муносабат Ироққа ҳам кўчди. Лекин орадан тўққиз йил ўтиб, фақат ҳарбий куч билан минтақада терроризмга барҳам бериб бўлмаслиги ёки барқарорлик олиб келиш мумкин эмаслиги ойдинлаша бошлади. 

Дональд Трамп даврида хориждаги АҚШ қўшинларини уйга қайтариш ва соғлиқни сақлаш, инфратузилмаларни қайтадан қуриш сингари ички муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш ҳақидаги даъватлар янада кучли янграмоқда. Америка интервенционизми юқори нуқтасига етди. Бироқ очиғини айтганда, АҚШ айни чоғда қўшинларини яқин орада Афғонистондан олиб чиқиб кетиш ниятида ҳам эмас, аммо уларнинг сони қисқартирилиши тарафдори. Суриядан эса тўрт ой давомида қўшинларни буткул олиб чиқиш қарори қабул қилинди.

Буни АҚШ ўтган асрнинг 90-йилларидаги каби Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўйишдек хато яна такрорланишини истамаслигидан, деб изоҳлаш тўғри бўлади. Чунки қўшни афғон заминида можароли вазият сақланаётган бир вақтда барқарорликни таъминлаш ва осойишталикка эришиш муаммоли бўлиб қолаверади. Агар манфаатдор томонлар қуролли мухолифат билан афғон заминида сиёсий маслаҳатлашувлар орқали тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича якуний келишувга эриша олса, АҚШ Афғонистондан ҳам қўшинини олиб чиқиши мумкин. 

Президент Трамп америкалик¬ларнинг узоқ муддатли урушлардан безиб кетганига ишора қилмоқда ва шу нуқтаи-назардан қараганда, унинг гапида жон бор. Америкаликлар ҳафсаласини пир қилмаслик учун Вашингтон Афғонистон ёки Яқин Шарқ минтақасида қандай сиёсат юритиши лозимлиги эса бошқа масала. Американинг аксар аҳолиси хориждаги ҳарбий амалиётларни қисқартириш режасини қўллаб-қувватлайди. Шу сабабдан ҳам АҚШнинг амалдаги Президенти ўтмишдошларидан фарқли равишда, ҳеч қандай буюк стратегияга эҳтиёж сезмайди.

Дональд Трамп халқаро муносабатларни кўпроқ бизнес кўзи билан кўради. Эҳтимол, унинг Ғарбдаги иттифоқдошлардан кўра кўпроқ авторитар лидерлар билан мулоқот қилишни афзал билишининг боиси ҳам аслида шу бўлса, ажаб эмас.

Муаммо эса, аксар давлат раҳбарлари сўзларига кўра, АҚШнинг ўз қобиғига тобора ўралиб олаётгани, кўп ҳудудлардан оёғини тортаётганида. Натижада халқаро майдондаги “улоқ”ни, кўп ҳолларда, Россия ва Хитой олиб кетмоқда. “America First” (Америка Биринчи) жумласи Дональд Трамп президентлигининг асосий шиорларидан бирига айланган, аммо жаноб Трамп ушбу шиорга зид ҳолатда қатор халқаро келишувлардан чиқиб кетиб, АҚШнинг халқаро таъсирини онгли равишда қисқартирмоқда.

Масалан, АҚШ Суриядан қўшинларини буткул олиб чиқиб кетиши эълон қилинди ва шундай бўлди ҳам. Европанинг ўз хавфсизлигини кўпроқ ўзи таъминлаши кераклигини уқтириб, НАТО учун ялпи ички маҳсулотининг 2–4 фоизи атрофида маблағ ажратишини талаб қилди. Ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнатиш учун Жанубий Кореядан 2 миллиард доллар пул тўлашни талаб қилди. 

Аммо АҚШ дипломатияга алоҳида аҳамият қаратмоқчи. Дипломатия деганда ташқи сиёсатни амалга ошириш воситалари назарда тутилади, улар турли-туман тадбирларни ўз ичига олади. Мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни йўлга солажак асосий келишувлар хусусида кўптомонлама ва икки томонлама музокара олиб бораяпти. Масалан, АҚШ компаниялари бошқа компаниялар билан халқаро бозорда тенг рақобат қилиш имконини бериш учун келишувларга эришиш йўлини изламоқда, чунки эркин ва очиқ иқтисодий рақобат ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи саналади. 
Америка дипломатияси фақат Президент ва ҳокимият ижроия тармоғининг иши эмас. Унда Конгресс ҳам муҳим роль ўйнайди. У бюджетни, дипломатларнинг мавжуд сонини, шунингдек, ёрдам дастурлари, ҳарбий анжомларни етказиб бериш ва шу каби махсус дастурларга ажратиладиган маб¬лағ миқдорини назорат қилади. Кўпинча этник лоббилар ва “ақл марказлари” Конгресснинг махсус масалалар бўйича фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. 

АҚШ Сенати Президент номзод қилиб кўрсатган элчиларни маъқуллаш ёки маъқулламаслик ҳуқуқига ҳам эга. Дарвоқе, Америка дипломатияси профессионал дипломат бўлмаган, лекин партия сиёсати туфайли давлат раҳбарига алоқаси бўлган элчилар сонининг кўплиги билан ҳам ўзига хосдир. Лекин шундай бўлса-да, ҳар бир мамлакат дипломатиясининг ўзагини унинг дипломатлари ташкил этади. Ҳатто электрон почта, Интернет ва телевидение асрида ҳам турли мамлакатларнинг вакиллари ўртасидаги шахслараро муносабатлар муҳим ўрин тутади. Дипломатия содда қилиб айтганда, “бир дастурхон атрофида ўтириб, чой ичиш” демакдир. У — визалар, талаба ва ўқитувчилар алмашуви дегани. 

Сирасини айтганда, дипломатлар ҳам — тарихнинг бир бўлаги. Тажрибали ва закий дипломатлар бошқа мамлакатлар билан алоқаларни қай тарзда йўлга қўйиш борасида мамлакат раҳбариятига маслаҳат бериши лозим. Дипломатлик энг сўнгги “универсал” касблардан биридир. Дипломатлар нафақат сиёсат ва иқтисодиёт оламидаги ҳамкасблари, қолаверса, ҳарбийлар, олимлар, техниклар, ҳатто дин арбоблари ва спортчилар билан ҳам киришимли бўлиши лозим.

Айтиш мумкинки, жадал ривожланиш йўлига кириб, дунё ҳамжамиятида кундан-кун обрўси мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида барча мамлакат, аввало, қўшни давлатлар билан очиқлик сиёсатини олиб боришга устувор аҳамият қаратмоқда. Айниқса, кейинги икки йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Ўзбекистон анъанавий яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асос¬ланган муносабатларни изчил кенгайтириш ва амалий мазмун билан бойитишга интилмоқда, ҳамкорликнинг янги имкониятларини топмоқда, ўзаро ҳамжиҳатлик мус-таҳкамланмоқда. Томонларнинг ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгайиб, сифати ортмоқда... 

Хулоса ўрнида айтганда, бугун ташқи сиёсат янги босқичга кўтарилди, мақсад-вазифалар ўзгарди, янги марралар белгиланди. Мазкур жараёнда эса дипломатия янада нозик масалага айланади. Қадимги хитой мутаффакири Конфуций айт¬ганидек: “Дўстлар билан мулоқот қилишда ўз сўзида турмоқ керак”. Демак, сиёсий ўзаро ишонч — бу давлатлар ўртасидаги муносабатларни самарали ривожлантиришнинг кафолатидир. 
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ
манба: “Миллий тикланиш” газетаси

ЎзА
2 008