ЎзА Ўзбек

23.09.2018 Чоп этиш версияси

Танзанияда кема ҳалокати қурбонлари сони ортмоқда

Танзанияда кема ҳалокати қурбонлари сони ортмоқда
Виктория кўлида паром ҳалокати сабабли қурбон бўлганлар сони 225 кишига етди. Бу ҳақида "Евроньюс" хабар бермоқда.

Қайд этилишича, шанба куни бир киши қутқариб олинган. У кеманинг муҳандиси бўлганлиги айтилмоқда. Эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Айни вақтда қутқарувчилар ҳалок бўлганларнинг таналарини қидириш ва соҳилга етказишни давом эттиришмоқда.

Паром 20 сентябрь куни Юкора ва Буголора ороллари оралиғида чўкиб кетди. Юз киши учун мўлжалланган йўловчи паромида бу вақтда 400 киши бўлган. У қирғоққа яқин қолганда ҳалокатга учраган.

Шахси аниқланган қурбонларнинг яқинлари якшанба куни улар билан видолашишди. Жума куни Танзания президенти ҳалок бўлганлар хотирасига 4 кунлик миллий мотам эълон қилганди. Бир вақтнинг ўзида у паром тегишли бўлган компания раҳбарларини ҳибсга олишни буюрган.

"Citizen"нинг ёзишича, ҳалокатга бошқарув рулини кескин бурилгани сабаб бўлган, шунинг учун кема ағдарилиб кетган. Тирик қолган йўловчиларнинг маълум қилишича, руль бошқарувчиси бу пайтда телефонда гаплашган ва қирғоққа кемани нотўғри томони билан йўналтирган.

3 928
Н. Тошпўлатова, ЎзА