ЎзА Ўзбек

10.07.2018 16:59 Чоп этиш версияси

Таиланддаги ғордан барча болалар олиб чиқилди

Таиланддаги ғордан барча болалар олиб чиқилди
Қутқарув амалиётининг энг сўнгги босқичида 12-ёшли ўсмир ва мураббий Таиланддаги ғорни тарк этдилар, деб хабар бермоқда Spring News телеканали.

Улар ғордан чиқариб олинган заҳотиёқ шифохонага жўнатилган. Жабрланувчиларнинг барчаси Чианграй шифохонасида бир неча кун давомида соғликларини тиклашади.

Эслатиб ўтамиз, 11-16 ёш атрофидаги 12 нафар ўқувчилар гуруҳи футбол мураббийи билан бирга мамлакат шимолидаги ғорга саёҳат уюштиришган. 23-июнь куни уларни йўқолиб қолгани маълум бўлган ва қидирув амалиётининг 10-кунида қутқарувчилар уларни Тхам Луанг ғорида топишди. Аниқланишича, улар етти километрлик ғорга киришганда тўсатдан юзага келган тошқин сабабли ташқи оламдан узилиб қолишган. Айни дамда Таиландда ёмғирлар мавсуми давом этмоқда. Ғор йўллари муссон ёмғирлари натижасида сув ва бошқа жисмлар билан тўлиб қолгани натижасида болаларни ундан олиб чиқиш осон бўлмаслиги айтилганди. Ҳукумат ғордан кеча-ю кундуз тинмасдан сувларни насослар ёрдамида тортиб олди ва бу қутқарув ишларига қулай шароитнинг яратилишига олиб келган. 12 бола ва мураббий 9 тун қоронғи ғорда оч-наҳор жон сақлаган. Ҳукумат қутқариш ишларининг бир неча вариантларини кўриб чиққан бўлиб улар орасида ёмғирлари тингунча бир неча ой кутиш чораси ҳам бор эди. Расмийлар барча вариантларни таҳлил қилиб чиққандан сўнг болаларни тезроқ чиқариб олиш учун, уларни икки ғаввос ёрдамида, махсус арқонга боғлаган ҳолатда чиқариб олиш йўлини танлаган. Бунда болалар сақланиб турган ғорда ҳавонинг ёмонлиги ва бир неча ой давом этадиган муссон ёмғирларининг кутилмаган ҳолатларга олиб келиши мумкинлиги инобатга олинган.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
7 677