ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар Алеппо шаҳридаги заводларни тиклай бошлади

Тадбиркорлар Алеппо шаҳридаги заводларни тиклай бошлади

Маълумки, Алеппо Суриянинг йирик саноат марказларидан бири ҳисобланади. Узоқ саргардонликдан сўнг ўз уйларига қайтган алепполик бизнес вакиллари саъй-ҳаракати билан минтақанинг шимоли-ғарбида жойлашган Лерамуне туманидаги заводлар фаолияти қайтадан йўлга қўйилмоқда.

Уруш олови забтига олган даврда жангарилар айнан шу ҳудуддан туриб Алеппога қарата ўқ ёмғирини ёғдиришган. Бир вақтлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилган ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналари биноларини эса ўқ-дори ва қўл бола қурол-аслаҳа сақланадиган омборларга айлантиришган. Табиийки, панагоҳ ёки истеҳком вазифасини ўтаган иншоотлар ҳукумат қўшинларининг ҳужуми ва жангарилар чекиниши натижасида анчагина вайрон бўлган.

Алеппо озод қилиниши билан биринчилардан бўлиб маҳаллий тадбиркорлар қадрдон манзил томон шошилишди. Урушгача тўқув-ишлаб чиқариш корхоналарига ускуналар етказиб бериш билан шуғулланган Жамол Элдин ал-Сўфий “барчасини худди аввалги” ҳолатига қайтаришни ният қилган. Унинг эски ҳамкорлари ҳам иш топиш имкониятини кутиб туришибди. Демак, бино тикланса бўлгани.

Яна бир бизнесмен Умар Ҳожи Ҳамдо ҳам укаси билан бирга эски арматураларни чегалаб, қурилиш ашёсига айлантиряпти. Унинг айтишича, ҳосил бўладиган материалнинг мустаҳкамлиги янгисидан, деярли фарқ қилмайди, фақат нархи анча арзон бўлади. Бузилган иншоотлар атрофи яхшилаб тозаланса, жуда кўп арматура чиқади. Бошқача айтганда, вайроналар орасидан чиқадиган материаллардан фойдаланиб, янада мукаммал ускуналар, ҳатто станоклар ҳам ясаш мумкин.
Кўплаб тадбиркорлар ҳудудни тозалаш чоғида жангарилар томонидан қурилган ер ости истеҳкомларига дуч келишяпти. 

Урушдан олдин шу ердаги бир неча тикув корхоналарини бошқарган Абдураҳим Курайший бир вақтлар ўзига тегишли бўлган икки бино орасидан ўтиш йўли ҳосил қилинганини айтади. Маълум бўлишича, жангарилар иншоотларни юқори томондан туташтирувчи йўлак бўйлаб ҳаракатланишган ва атрофни ўққа тутишган.

Лерамундаги барча тиклаш ишлари суриялик сапёрларнинг қатъий назорати остида олиб бориляпти. Зеро, ҳудудда жуда кўп хавфли буюмлар, ўқ-дори, портловчи моддалар яширин. Вақт тиғиз, вазият мураккаб. Шунга қарамасдан, бизнесменлар йил охиригача туманнинг ишлаб чиқариш салоҳияти тикланишига ишонишмоқда.

25 мартда эса Суриянинг Алеппо шаҳри чеккасидаги яна бир ҳудуд - яқин-яқинларгача террорчилар тўпларидан азият чекиб келган, эндиликда босқинчилардан тозаланган Халиб ал-Жадид тумани аҳолиси ҳам ўз Ватанларига қайтиб, тинч ҳаёт кечира бошлагани тўғрисида хабарлар тарқалди.


1 212
ЎзА