ЎзА Ўзбек

16.01.2018 11:36:36 Чоп этиш версияси

Сунъий интеллект технологиялари одамларга қулайлик яратади

Пекинда сунъий интеллект саноати иқтисодиётнинг реал секторига кенг интеграция қилинади. Бу иқтисодий тараққиётнинг яна бир омили бўлади, дея хабар бермоқда Синьхуа. 

Ҳозирги кунда сунъий интеллект (Artificial intelligence) ва унинг технологиялари жамият ҳаётининг турли жабҳаларида қўлланмоқда. Масалан, инсон юзини таниш технологияси Пекин олий таълим муассасаларида дарслар ва ётоқхоналарни бошқаришда қулай восита бўлмоқда. 

Ёки Хитойнинг iFlytek компанияси томонидан яратилган овозни илғаш технологияси оғзаки нутқни бехато ёзма матнга айлантириб беришга қодир. 

Пекин сунъий интеллект технологияси саноатида етакчи мавқега эга. Бу ерда сунъий интеллектни ўрганиш бўйича етакчи илмий-тадқиқот институтларининг ярмидан кўпи ва ўндан ортиқ давлат лабораториялари жойлашган. Ушбу тармоққа ихтисослашган 400 га яқин корхона ишламоқда. Пекин мазкур кўрсаткичлар бўйича Хитойда биринчи ўринни эгаллайди.

Шу кунларда Пекин ҳокимлиги сунъий интеллект саноатини ривожлантириш бўйича ҳужжат қабул қилган. Унда сунъий интеллект технологияларини қўллаш жараёнини жадаллаштириш ва иқтисодиётнинг реал тармоқларига чуқур интеграция қилиш, бунинг учун саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика, молия ва бошқа муҳим соҳаларда бу технологиядан фойдаланишни намойиш этиш зарурлиги белгиланган. 

Сунъий интеллект технологияси натижаларидан фойдаланиб, одамлар учун қулайликларни ошириш, давлат хизматлари ва жамоатчилик бошқарувини яхшилаш керак, дея қайд этилган ҳужжатда.