ЎзА Ўзбек

14.05.2020 Чоп этиш версияси

Суд Арманистоннинг собиқ президенти Кочарянни озод қилмади

Суд Арманистоннинг собиқ президенти Кочарянни озод қилмади

Ереван шаҳри суди Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарянни мамлакатнинг собиқ бош вазирлари шахсий кафолати остида ҳибсдан озод этиш тўғрисидаги сўровни рад этди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатган.

Мазкур ишни олиб бораётган судья Анна Данибекян суд йиғилишида тегишли қарорни ўқиб бераркан, “Кочаряннинг адвокатлари томонидан тақдим этилган уни шахсий кафолат остида ҳибсдан озод этиш тўғрисидаги илтимоснома рад этилсин“, — дея эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, қарорга нисбатан қонунда ўрнатилган тартибда шикоят аризаси тақдим этилиши мумкин.

8 май куни Кочарян ҳимоячилари гуруҳи суддан уни Арманистоннинг собиқ бош вазирлари Вазген Манукян, Хосров Арутюнян ва Карен Карапетян, шунингдек тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Бош вазири Анушаван Даниеляннинг шахсий кафолати остида озод этишни сўраганди. Кафилларнинг барчаси суд залига келиб, ўз розиликларини тасдиқлашди. Уларнинг ҳар бири кафолат тариқасида 500 минг драм (минг доллардан зиёдроқ)дан тўлашлари лозим эди.

Март ойида гипертониядан даволаниш учун шифохонага ётқизилган Кочарян 3 апрель куни тергов ҳибсхонасига қайтарилди. 28 апрелда эса яна тиббий текширувдан ўтиш учун Еревандаги “Измирлян“ тиббий марказига кўчирилди. 12 май куни айбланувчига нисбатан жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Унинг хасталиги тафсилотлари аниқ айтилмаган.

Аввалроқ Кочаряннинг адвокатлари ўз ҳимоячиларининг коронавирус пандемияси даврида тергов ҳибсхонасида сақланишига қарши маъмурий ва фуқаролик судларига шикоят аризаси билан мурожаат қилганди. Бу жараёнда жавобгар томон Адлия вазирлигининг Жиноий-ижро бошқармаси эди. Адвокатлар Кочарян 60 ёшдан ошганлиги сабабли, коронавирус инфекцияси тарқалиши шароитида хавфли гуруҳга киришини, шунингдек соғлигида муаммолари борлиги, қолаверса жиноий-ижро муассасаларида COVID-19 ҳолатлари тасдиқланган бўлса-да, ҳалиям тергов ҳибсхонасида сақланаётганини билдиришди.

Махсус тергов хизмати 2018 йил 26 июлда Кочарянни 2008 йил 1 мартдаги норозилик намойишларини бостирилиши тўғрисидаги жиноят иши доирасида конституцион тизимни ағдаришга уринишда айблаган. Кочарян ушбу айбловни сиёсий мақсадларда уюштирилган, деб ҳисоблайди. Мазкур жиноят ишида, шунингдек Жамоавий хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти собиқ Бош котиби Юрий Хачатуров, собиқ мудофаа вазири Сейран Оганян ва собиқ Президент администрацияси раҳбари Армен Геворгян номи ҳам қайд этилган.


1 570
ЎзА