ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

Статистика ва трендлар

Статистика ва трендлар
Коронавирус. Кун манзараси 

Коронавирус инфекцияси юқори суръатда тарқалишда давом этмоқда. ЖССТнинг алоҳида эътибори Африка қитъасига, айниқса ЖАРга қаратилган. Бу ерда инфекция юқтирганлар сони ярим миллиондан ошиб, қитъада касалланганларнинг ярмини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳисоботида келтирилган .

“Worldometers”да келтирилган маълумотга кўра, 3 август ҳолатига кўра дунёда касал бўлганлар сони 18 миллион 234,9 минг кишини ташкил қилди, 692,8 минг киши вафот этган. 

Энг кўп инфекция юқтирган мамлакатлар: АҚШ – 4 миллион 813,6 минг;

Бразилия - 2 миллион 733,6 минг ва Ҳиндистон – 1 миллион 804,7 минг киши.

Ўлим ҳолатлари сони АҚШда – 158 365, Бразилияда – 94 130, Мексикада – 47 746, Буюк Британияда – 46 201 ва Ҳиндистонда – 38 161.

COVID-19 дан соғайиб кетганларнинг умумий сони 11 444 149 кишига етди. Бу барча касал бўлганларнинг 62,7 фоизидир.

Марказий Осиёдаги вазият

Қозоғистонда корнавирус инфекциясига чалинганлар - 92 662 киши, соғайиб кетганлар - 61 839, вафот этганлар – 793 та.

Қирғизистонда хасталарнинг умумий сони – 36 719¸ соғайиб кетганлар - 27 274, вафот этганлар – 1 409 нафар. 

Тожикистонда касалланганларнинг умумий сони - 7 495, соғайганлар – 6 276, вафот этганлар – 61 киши.

Туркманистонда расмий хабарларга кўра, бирорта ҳам корнавирусга чалинган киши рўйхатга олинмаган.

Жаҳондаги сўнгги тенденциялар

Берлин тиббиёт университети ва Макс Планка номидаги Молекуляр генетика институти ходимлари COVID-19 билан ҳечам тўқнашмаганларда касалликка нисбатан ҳужайра иммунитетини аниқлашди.

“Nature” илмий журналида хабар берилишича, синов ўтказилаётганларнинг 35 фоизида коронавируснинг янги турига жавоб берадиган Т-ҳужайралар топилди.

 Таъкидланишича, 68 тадқиқот иштирокчисининг 24 нафарида COVID-19га жавоб қайтариш қобилиятига эга бўлган Т-ҳужайралар топилган. Олимларнинг таъкидлашича, коронавирусга чалинган беморлар ва соғлом кишилар иммунитети коронавирус қобиғининг турли бўлакларига таъсир кўрсатиб, турлича таъсирланади.

Олимлар фикрига кўра, тадқиқотлар давом эттирилади, натижалар коронавирусга қарши ишлатиладиган вакцина яратишда ёрдам бериши керак.

Калифорния университети олимлари хулосаси коронавирус иммунитетнинг салмоқли реакциясини қўзғатиши, бу эса организмга инфекция билан курашишда ҳалақит беришидан дарак бермоқда. Мазкур тадқиқот натижалари “Medical Xpress” тиббиёт янгиликлари порталида жойлаштирилган.

Олиб борилган тадқиқотлар доирасида кучли иммунитет қўзғалиши натижасида касаллик билан курашишга халақит берган 30 бемор кузатилган.

Қон таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг ўпкаси нафақат касаллик туфайли, балки ўз организмларининг ҳалокатли ҳужуми туфайли ҳам емирилган.

Лойиҳа раҳбари, экспериментал патология профессори М.Краммел таъкидлашича, вирус ҳужайраларга бутун организм бўйлаб жойлашган АСЕ-2 рецепторлари орқали ўтади. Шунинг учун ҳам COVID-19 инсонннинг ҳар бир аъзосига кириб олиши мумкин.

Рецепторлар қанча кўп бўлса, касаллик ҳужайраларни шунча енгиллик билан эгаллаб олади. Шунинг учун ҳам касалликнинг клиник кўриниши симптомлар мозайкасига ўхшаб кетади.

CBS телеканали хабар беришича, Американинг 30 дан ортиқ штатида сальмонеллёз ёйилиб кетиши қайд этилган. 

Сальмонеллёз – ҳайвон ва инсонларда учрайдиган ўткир ичак инфекцияси. Яширин (инкубацион) даври 6 соатдан 3 кунгача. Касаллик аломатлари жуда ёрқин намоён бўлиши ёки ўзини кўрсатмаслиги ҳам мумкин.

Охирги ҳолатда инсон атрофдагилар учун касаллик юқтириш манбаси бўлиши мумкин. Касаллик оғир кечганда организм сувсизланиши, жигар ва қораталоқ катталашиши, буйрак етишмовчилиги кузатилади. Бемор вафот этиши эҳтимоли жуда кам. Тўғри даволаниш орқали сальмонеллёзни ўн кун ичида енгиш мумкин.

“Синьхуа” хабар беришича, “инсоннинг қадри пулдан баланд” шиорига асосланган пандемия билан хитойча курашиш усули иш берди. Хитой коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича бугун жаҳонда 26-ўринда, касалланганлар сони бўйича 29-ўринда. Карантинни тан олмаган Швеция эса Хитойдан қурбонлар сони бўйича ўзиб кетди, яқин кунларда эса касал юқтирганлар кўрсаткичи бўйича ҳам Хитойни қувиб етади.

Япония миллий полиция агентлиги маълумотларига таяниб “Nippon” интернет-нашри хабар беришича, кўчаларда содир этиладиган жиноятлар сони январь-июнь ойларида 99,5 мингтага қисқариб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,4 фоизга камайган. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар фикрига кўра, аҳоли коронавирус эпидемияси шароитида кўчага чиқишдан ўзини тийиб турибди. Жиноят камайганининг асосий сабабларидан бири шу.

Вакцина ва дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича чоралар, тадқиқотлар

CNN Америка телеканали коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда шаффофлик таъминланишига даъват этиб, акс ҳолда барча ҳаракатлар бефойда кетишини таъкидламоқда. АҚШ аҳолисининг ярми вакцинацияга тайёр эмас, кўпчилик айни жараённинг хавфсизлигига шубҳа билан қарамоқда, - ёзади CNN.

Тадқиқотчилар вакцина устида иш олиб бораётган чоғда АҚШ соғлиқни сақлаш тизими вакиллари жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш устида иш олиб бориши керак. Бунинг калити шаффофлик жараёнини таъминлашда.

Лондоннинг “Airfinity” таҳлил компанияси маълумотига таяниб “Bloomberg” хабар беришича, АҚШ, Буюк Британия, Япония ва ЕИ 1,3 миллиард доза вакцинага буюртма берган. Таҳлилчилар кам таъминланган мамлакатлар “навбатнинг”энг охирига ўтиб қолишади, деб ҳисобламоқда.

АҚШ ва Британия “Sanofi” ва “Glaxo Smith Kline Plc” компаниялари билан, Япония эса “Pfizer” компанияси билан етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Россияда ишлаб чиқилаётган вакциналар 21 кун оралиғида икки маротаба эмлашни кўзда тутади.

Санкт-Петербургда хорижда ишлаб чиқарилган вакцина кўнгиллиларда синовдан ўтказилмоқда. Таъкидланишича, даставвал кўнгиллилар 17-21 август кунлари махсус текширувдан ўтади.

3 350
ЎзА