ЎзА Ўзбек

04.03.2019 19:06:59 Чоп этиш версияси

Спортчининг ўлими билан боғлиқ жиноят ҳукми юзасидан апелляция кўриб чиқилади


"Сочи олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби, қозоғистонлик фигурист Денис Тен ўлдирилиши бўйича ҳукм юзасидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш 13 мартга белгиланди", дея хабар беради ахборот агентликлари Олмаота шаҳар судига таянган ҳолда.

Апелляция шикояти спортчининг онаси ёллаган адвокат ва ҳукм қилинган Арман Қудайбергенов, Нурали Қиясовлар томонидан берилган эди. Оксана Тен адвовати томонидан берилган аризада тергов ҳаракатлари тўлиқ бўлмагани ва диққат билан ўрганилмагани, суд эса ҳукм қилинганлар бошқа одамларнинг буйруғига кўра содир этганликлари эҳтимолини инкор қилгани таъкидланади.

Сочи Олимпиадаси совриндори Денис Тен 19 июль куни Олмаотадаги шифохонада вафот этди. У бу ерга тан жароҳатлари билан олиб келинган эди. Полиция тахминига кўра, Тен жиноят жойида пайқаб қолинган автомобиль ўғриларининг қурбонига айланди.

Бу иш бўйича ҳукм 17 январь куни чиқарилди. Арман Қудайбергенов ва Нурали Қиясовга 18 йил қамоқ жазоси берилди. Судланувчилар суд жараёнида ўғирлик содир этганликларини тан олишди. Улар қотилликни режалаштирмаганликларини айтишди.

Бу иш бўйича яна бир фигурант Жанар Толибаева жиноят ҳақида маълумот бермаганликда айбланиб тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Фигуристнинг онаси Оксана Тен ва унинг адвокати ишда ноаниқликлар мавжудлигини айтмоқда.

Уларнинг сўзларига қараганда, Жанар Толибаева жиноят буюртмачиси билан алоқа ўрнатиб турган ҳамда Қиясов ва Қудайбергеновларнинг ҳаракатларини мувоффиқлаштирган.

Жабрдийда томон жиноятнинг эҳтимолий буюртмачисининг номини ва қотиллик сабабларини айтишмаяпти.