ЎзА Ўзбек

05.01.2020 Чоп этиш версияси

Сохта хабар ортидан келиб чиққан даҳшатли уруш ёхуд гиёҳванд ҳарбийлар ва яксон бўлган Вьетнам қишлоқлари

Сохта хабар ортидан келиб чиққан даҳшатли уруш ёхуд гиёҳванд ҳарбийлар ва яксон бўлган Вьетнам қишлоқлари

1965 йил 2 март куни Америка Қўшма Штатлари Шимолий Вьетнамни мунтазам равишда бомбардимон қила бошлади. Бу АҚШ авиациясининг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг узоқ давом этган ҳужуми бўлди.

1965 йил 8 март куни Жанубий Вьетнамдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Дананг аэродромини қўриқлаш учун иккита денгиз корпусининг батальонлари юборилди. Шу вақтдан бошлаб АҚШ Вьетнам фуқаролар урушининг иштирокчисига айланиб, унга ўзгача хусусият берди.

1965 йил охирига келиб, Вьетнам жанубида иккита тўлиқ бўлинма ва бир нечта бригаданинг таркибида 185 мингга яқин америкалик ҳарбийлар бор эди. Кейинги уч йил ичида контингент сезиларли даражада кўпайди ва урушнинг авж нуқтасида 540 минг кишигача етди.

АҚШнинг қуруқликдаги кучлари иштирокидаги биринчи катта жанг (“Starlitе“ операцияси) 1965 йил августда бўлиб ўтди. Кузда яна бир қанча жанглар бўлди, уларнинг энг асосийлари Йа-Дранг водийсида ноябрь ойида бўлган жанг, унда иккала томондан ҳам дивизияларга тенг кучлар қатнашган.

1965 йилдан 1969 йил ўрталарига қадар АҚШ кучлари Жанубий Вьетнамда ЖВОМФ (Жанубий Вьетнам озодлиги миллий фронти) ва Шимолий Вьетнам армиясининг катта қисм ва бўлинмаларини аниқлаш, йўқ қилишга қаратилган кенг кўламли ҳужумларни амалга оширди.

Ушбу “топиш ва йўқ қилиш” (seek and destroy) стратегияси Америка кучларининг бош қўмондони генерал Уилям Уестморленд томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у урушни анъанавий услубда — катта кучлар ўртасида жанг сифатида кўрган.

ПАРТИЗАНЛАР УРУШИ

1348108436_vietnam_sm10.jpg
Аммо бу ерларда партизанлар уруши сезиларли даражада кучайди. Вьетнамдаги Америка кучларининг асосий вазифаси Сайгоннинг хавфсизлигини таъминлаш эди, бу шаҳарга яқин бўлган жойда душманни аниқлаш ва йўқ қилишни талаб қиларди.

Американинг 1- ва 25-пиёдалар бўлинмалари бу иш билан шаҳарнинг ғарбий ва шимоли-ғарбий қисмида, айниқса Камбоджа чегарасидаги “С ҳарбий зонаси”да шуғулланишар эди. Шунингдек, маҳаллий партизанлар билан, хусусан, “темир учбурчаги” ва “D ҳарбий зонасида” кураш олиб борилди. Сайгоннинг шарқида, Фуоктуй провинциясида Австралия ҳарбий контингенти, шаҳарнинг жанубида эса Американинг 9-сонли пиёда қўшинлари бўлинмаси жойлашган эди.

1965-1966 йилларда АҚШ кучлари ушбу минтақадаги энг муҳим алоқа тармоқларини, айниқса Сайгондан шимоли-ғарбдан Камбоджа чегарасига қадар бўлган 13-йўл устидан назорат ўрнатиш учун операциялар ўтказдилар. 1966 йил охиридан бошлаб, душманнинг таянч зоналарига (Аттлборо, Сидар шаршараси, Жанкшен Cити) қарши кенг кўламли операциялар ўтказилди.

Шундай қилиб, Меконг Дельтасидаги асосий рақиблар ҳукумат армияси ва ЖВОМФ эди. Бу ҳудуд ўрмонларга, дарёларга ва каналларга бой, аҳоли зичлиги ва шоли экинлари бу ҳудудни партизанлар уруши учун идеал ҳолга келтирган, исёнчиларни бошпана, инсон ресурслари ва озиқ-овқат манбаи билан таъминлаган.

1965 йил ўрталаридан 1967 йил охиригача Жанубий Вьетнамда ҳарбий ҳаракатлар доимий равишда кучайиб борди. Ҳукумат армияси, Шимолий Вьетнам кучлари, АҚШ гуруҳлари ва уларнинг иттифоқчилари сони кўпайди. Шунга кўра, ҳар икки томондан амалга оширилган операциялар ҳажми ортди ва қурбонлар сони ҳам кўпайди.

1953-1975 йиллар орасида Америка Қўшма Штатлари урушга 168 миллиард доллар сарфлади (2011 йил ҳолатида 1,02 трлн. доллар), натижада федерал бюджетда катта тақчиллик юзага келди.

“ВЬЕТНАМЛАШТИРИШ” ВА АҚШ ҚЎШИНЛАРИНИНГ ЧИҚИБ КЕТИШИ

1968 йил ноябрда Қўшма Штатлардаги президентлик сайловида “Уруш тугаши “шарафли тинчлик” байроғи остида бўлади” деган шиор билан чиққан номзод Ричард Никсон ғалаба қозонди.

АҚШ жамоатчилигининг уруш йўқотишларига бўлган кескин муносабати 1969 йил бошида Жанубий Вьетнамдаги коммунистларнинг мақсадларини ўзгартиришга олиб келди. Энди улар учун Америка аскарларига талафот етказиш устувор вазифа эди.

Февраль ойида Шимолий Вьетнам қўшинлари Американинг бир қатор базаларига ҳужум қилишди. Ҳужумларни иттифоқчилар маълум йўқотишлар билан қайтарди. АҚШнинг минтақадаги сиёсати Жанубий Вьетнам қуролли кучларини кучайтиришга, коммунистларга қурол-аслаҳа етказиб беришни чеклашга ва ўз қўшинларининг тезроқ олиб чиқилиши учун шарт-шароит яратишга қаратила бошланди.

1969 йилда АҚШнинг янги маъмурияти ҳудудларни бошқариш учун жавобгарликни Жанубий Вьетнам қўшинларига топширишга қаратилган “Вьетнамлаштириш” сиёсатини бошлади. Аслида бу сиёсатнинг асосий вазифаси АҚШ қўшинларини можаро зонасидан олиб чиқиш йўлларини топиш эди. Бу “топиш ва йўқ қилиш” доктринасининг интиҳоси бўлди.

Июль ойида АҚШ қўшинларининг Вьетнамдан мунтазам равишда олиб чиқилиши бошланди ва бу уч йилдан кўпроқ вақт давом этди. Худди шу даврда Америка армиясининг парчаланиш жараёни бошланди. Аскарларнинг тушкунликларига, эҳтимол, узоқ урушнинг бемаънилигини ҳис қилишлари, коммунистларнинг партизан ҳаракатлари ва ҳарбийлар орасида кенг тарқалган гиёҳвандликка ружу қўйишлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

КАМБОДЖА МОЖАРОСИ

1970 йил март ойида қўшни Камбоджада давлат тўнтариши юз берди. У ерда 1967 йилда маҳаллий коммунистлар томонидан фуқаролар уруши бошланган эди.

Француз мустамлакачилиги кучларининг собиқ офицери, америкапараст вазир Лон Нол қирол Сианукни ағдариб ташлади. Лон Нол бошчилигидаги ушбу давлатнинг янги ҳукумати бу ҳудудидан Жанубий Вьетнамга қарши операциялар учун фойдаланган Шимолий Вьетнам қўшинларини мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қилди.

Бунга жавобан Шимолий Вьетнам қўшинлари Камбоджа ҳукумат кучларига қарши муваффақиятли ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Лон Нолга ёрдам бериш учун АҚШ ва Жанубий Вьетнам апрель ойининг охирида Камбоджага ўз қўшинларини юборишга мажбур бўлишди.

Ушбу ҳаракатлар Қўшма Штатлар аҳолисининг урушга қарши ҳаракатларини яна бир бор авж олишига олиб келди ва икки ой ўтгач, Америка армияси президент Никсоннинг буйруғи билан Камбоджани тарк этди (Жанубий Вьетнам қўшинлари кузгача ўша ерда қолди).

АҚШ армияси аскарларининг ҳоли тобора ёмонлашиб борди — 1970 йилга келиб АҚШнинг 65 минг ҳарбийси Вьетнамда гиёҳванд моддаларни қабул қилар эди (яъни ўша пайтда Вьетнамдаги 335 минг аскарнинг ҳар бешинчиси). 
22131729.351703.8409.jpeg

ПАРИЖ ТИНЧЛИК БИТИМИ

1971 йил февраль-март ойларида амалга оширилган “Лам Шон 719” операцияси йилнинг катта воқеалардан бири бўлди. Унинг давомида Жанубий Вьетнам ҳукумат қўшинлари АҚШ авиацияси кўмагида Лаосдаги “Хо Ши Мин йўли”ни тўсиб қўйишга ва Шимолий Вьетнам томонидан жанубга юборилган қурол ва аскарларни ўтказишни тўхтатишга ҳаракат қилишди.

1971 йилда Америка қўшинлари Жанубий Вьетнамнинг ўзида муҳим ҳарбий амалиётлар ўтказмади. Урушнинг бошидан то йирик қуруқликдаги операцияларнинг охиригача Қўшма Штатлар қарийб 350 танкни йўқотди.

1972 йил 30 мартда Шимолий Вьетнам қўшинларининг Жанубий Вьетнам ҳудудига навбатдаги йирик ҳужуми бошланди. Бу тарихда Пасха ҳужуми деб номланди. Ушбу операцияни амалга ошириш учун мўлжалланган Шимолий Вьетнам қўшинлари тахминан 125 минг аскарни ташкил этди ва уруш бошланганидан бери биринчи марта бир неча юз танклар билан мустаҳкамланди.

Ҳужум уч йўналишда — Жанубий Вьетнамнинг турли қисмларида амалга оширилди. Қўшма Штатларда жамоатчиликнинг урушга қарши кайфияти тобора ўсиб бориши туфайли ушбу операция муваффақияти Шимолий Вьетнам учун қулай бўлган шароитда урушни тугатиши мумкин эди.

АҚШ авиациясининг самарали қўллаб-қувватлаши туфайли Жанубий Вьетнам қуролли кучлари душман ҳужумига қарши муваффақиятли туришди. Узоқ давом этган жангларда иккала томон ҳам жуда чарчади. Умуман олганда, Пасха ҳужумининг муваффақиятсиз натижаси Шимолий Вьетнам раҳбариятини — АҚШни “шарафли” шартлар билан урушдан тезда чиқиб кетиши учун Париждаги Америка вакиллари билан музокараларни фаоллаштиришга мажбур қилди.

1972 йил июль ойига келиб, коммунистлар Америка аралашуви бошланишидан олдин, саккиз йил аввалги 40% ўрнига, Жанубий Вьетнам ҳудудининг 10 фоизинигина назорат қилиб туришар эди, холос.

Музокаралар октябрь ойида, яъни сулҳ битимини имзолаш учун аниқ сана белгиланган пайтдан бошлаб катта муваффақиятлар келтирди. Бироқ, Жанубий Вьетнам Президенти Тхиеунинг Америка делегациясини Шимолий Вьетнам томони учун номақбул бўлган таклифларни илгари суришга мажбур қилиши музокараларни боши берк кўчага олиб кирди.

Декабрь ўрталарида Шимолий Вьетнам вакиллари музокараларни давом эттиришдан бош тортишди. Уларни музокаралар столига Тхиеу аралашувидан олдин келишилган шартноманинг шартларига қайтишга мажбур қилиш учун АҚШ, Шимолий Вьетнамдаги шаҳарларга, асосан Ханойга қарши бутун уруш давомидаги энг кучли бўлган икки ҳафталик бомбалаш кампаниясини ўтказди. 1973 йил январь ойи бошида музокаралар қайта бошланди.

1973 йил 27 январда Париж тинчлик битими имзоланди, унга кўра Америка қўшинлари Вьетнамни буткул тарк этишлари керак эди (шу вақтга қадар АҚШнинг барча қуруқликдаги жанговар бўлинмалар олиб чиқиб кетилган бўлиб, мамлакатда 24 минг америкалик қолган эди, холос). Имзоланган битимни бажарган ҳолда ўша йилнинг 29 мартида Қўшма Штатлар ўз қўшинларини Жанубий Вьетнамдан олиб чиқишни якунлади.

УРУШНИНГ СЎНГГИ БОСҚИЧИ (1973-1975)

Тинчлик шартномаси имзоланган пайтда Жанубий Вьетнам қўшинларида миллиондан ортиқ аскар бўлган. Шимолий Вьетнамнинг жануб ҳудудида жойлашган қуролли кучларининг сони эса икки юз мингдан ошарди.

Жанубий Вьетнамда сулҳ битимлари бажарилмади. Жанг пайтида коммунистлар ҳам, жанубий Вьетнам ҳукумат кучлари ҳам назорат остидаги ҳудудни иккига бўлишди.

Шимолий Вьетнам жанубга “Хо Ши Мин“ трассаси бўйлаб ўз қўшинларига қўшимча кучларни жойлаштиришни давом эттирди. Бунга АҚШнинг бомбардимон қилишни тўхтатгани катта ёрдам бўлди.

Жанубий Вьетнам иқтисодиётидаги инқироз, шунингдек, 1974 йилда АҚШ Конгресси босими остида Америка ҳарбий ёрдамининг камайиши Жанубий Вьетнам қўшинларининг жанговар хусусиятлари пасайишига олиб келди.

Жанубий Вьетнамдаги кўплаб ҳудудлар амалда Шимолий Вьетнамга бўйсуна бошлади. Жанубий Вьетнам ҳукумат кучлари катта талафотларга учради. 1974 йил декабрь — 1975 йил январда Шимолий Вьетнам армияси АҚШнинг муносабатини синаб кўриш учун Фуоклонг провинциясини босиб олиш учун синов операциясини ўтказди.

Қўшма Штатлар урушда қатнашишни давом эттириш ниятида эмаслигига амин бўлгач, 1975 йил март ойи бошида Шимолий Вьетнам қўшинлари кенг кўламли ҳужумни бошлади. Жанубий Вьетнам армияси аксарият ҳудудларда етарли қаршилик кўрсата олмади.

Икки ой давом этган кампания натижасида Шимолий Вьетнам қўшинлари Жанубий Вьетнамнинг катта қисмини эгаллаб, Сайгонга яқинлашди. Жанубий Вьетнамлик беш нафар генерал ўз жонига қасд қилди. 1975 йил 30 апрель, соат 11:30 да коммунистлар Сайгондаги Мустақиллик саройи устига байроқ кўтаришди — уруш Шимолий Вьетнам қўшинларининг тўлиқ ғалабаси билан якунланди.

Америкаликлар билан ҳамкорлик қилган жанубий вьетнамликлар қатағон қилинди. Улар “Қайта ўқитиш лагерлари” деб номланган “янги иқтисодий зоналар”га сургун қилинди.

Сайгон қулаши арафасидаги оммавий ваҳима вьетнамлик қочқинларнинг катта тўлқинини келтириб чиқарди. АҚШнинг Вьетнамдаги мағлубиятининг тимсоли — вертолётдан кемаларга тушган қочқинлар бошқа вертолётларга жой бериш учун ўз вертолётларини сувга итариб юборишлари акс этган телевизион тасвирлар ҳисобланади.

Жанубий Вьетнамликларнинг қочиши Сайгон қулаганидан кейин ҳам давом этди. Улар қайиқларда ёки кичик кемаларда хавфли саёҳатга чиқишди. Ғарбда улар “қайиқдаги одамлар” сифатида танилган.
Снимок.JPG

УРУШ ҚУРБОНЛАРИ

АҚШ: ҳалок бўлган, бедарак йўқолган, жароҳат ва касалликлардан вафот этганларнинг умумий сони 58 минг киши (жанговар йўқотишлар — 47 минг, ҳарбий бўлмаганлар — 11 минг; 2008 йил ҳолатига 1700 дан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади); 303 минг ярадорлар (153 минг касалхонага ётқизилган, 150 минг енгил жароҳатлар), урушдан кейин ўз жонига қасд қилган фахрийлар сони ҳам жуда кўп.

Жанубий Вьетнам: маълумотлар турлича, ҳарбий қурбонлар тахминан 250 минг киши ва 1 миллион киши ярадор бўлган, қанча тинч аҳоли қурбон бўлганлиги номаълум.

Жанубий Вьетнам партизанлари (ЖВОМФ) ва Шимолий Вьетнам: 1995 йилда чиқарилган Вьетнам ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, Шимолий Вьетнам армиясининг 1,1 миллион аскари ва ЖВОМФ партизанлари, шунингдек, мамлакатнинг иккала қисмидан 2 миллион тинч аҳоли уруш пайтида ҳалок бўлган.

СОХТА ХАБАР 
prev1126489.jpg

Яқинда Америка Қўшма Штатларида Миллий хавфсизлик агентлиги тарихига ихтисослашган мустақил тадқиқотчи Метю Эйднинг 1964 йилда Тонкин кўрфазида содир бўлган ва Вьетнамга бостириб киришга олиб келган воқеа ҳақидаги асосий разведка маълумотлари қалбаки эканлиги тўғрисидаги мақоласи эълон қилинди.

Бунга МХА тарихчиси Роберт Хейнок томонидан 2001 йилда тузилган ва маълумот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонун асосида махфийлиги ечилган ҳисоботи асос бўлди.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, МХА ходимлари радио орқали ушлаб олиш натижасида олинган маълумотларни таржима қилишда хатога йўл қўйишган. Хатони деярли зудлик билан аниқлаган юқори мартабали зобитлар эса барча керакли ҳужжатларни тузатиб, хатони яширишга қарор қилади.

Шундай қилиб, ҳужжатларда америкаликларга нисбатан ҳужум бўлган деган ёлғон маълумот ростга айлантирилади. Юқори мартабали амалдорлар ўз чиқишларида бу сохта маълумотларга бир неча бор мурожаат қилишган.

Роберт Мак Намара: “Менимча, Жонсон урушни хоҳлаган деб ўйлаш нотўғри. Аммо биз Шимолий Вьетнам можарони янада кучайтираётганига оид далилларга эга эканимизга ишонган эдик”.

Бу МХА раҳбарияти томонидан ҳужжатларни сохталаштиришнинг сўнгги иши эмас эди. Масалан, Ироқдаги уруш ҳам “уран ҳужжатлари” тўғрисидаги тасдиқланмаган маълумотларга асосланган эди.

Бироқ, кўплаб тарихчиларнинг фикрига кўра, Тонкин кўрфазида бирон бир воқеа бўлмаган тақдирда ҳам Қўшма Штатлар бари бир ҳарбий ҳаракатлар бошлашга сабаб топар эди. Линдон Жонсон, Америка ўз шарафини ҳимоя қилиши, ўз фуқароларини ички муаммоларидан чалғитиши керак, деб ҳисобларди.

1969 йилда АҚШда янги президент сайловлари бўлиб ўтганда, Ричард Никсон Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсати кескин ўзгаришини эълон қилди.

Қўшма Штатлар энди нозир вазифасини бажаришдан воз кечади ва сайёрамизнинг барча бурчакларидаги муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилади. У Вьетнамдаги жангларни тугатиш учун махфий режани эълон қилди.

Буни урушдан чарчаган Америка жамияти яхши қабул қилди ва Никсон сайловда ғолиб чиқди. Аммо, аслида махфий режа авиация ва флотдан оммавий фойдаланиш эди.

Масалан, 1970 йилнинг ўзида Америка бомбардимончилари Вьетнамга сўнгги беш йилдагига қараганда кўпроқ бомба ташладилар.

ҚУРОЛ ЛОББИСИ

Бу ерда урушдан манфаатдор бўлган яна бир томонни — қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи АҚШ корпорацияларини эслаб ўтиш керак. Вьетнам урушида 14 миллион тоннадан ортиқ портловчи моддалар ишлатилган.

Бу Иккинчи жаҳон уруши давридаги барча жангларда содир бўлганидан кўра ҳам бир неча баравар кўп демакдир. Бомбалар, шу жумладан, юқори тоннали ва ҳозирда тақиқланган парчаланиб кетувчи бомбалар, бутун қишлоқларни ер билан яксон қилди, напалм ва фосфор оловлари ўрмонларнинг бир қисмини ёқиб юборди.

Одамлар томонидан яратилган энг кучли токсик модда бўлган диоксин Вьетнамга 400 килограммдан ортиқ миқдорда сепилган. Кимёгарларнинг фикрича, Нью-Йоркдаги сув таъминоти тизимига 80 грамм диоксин қўшилса, уни ўлик шаҳарга айлантириш учун кифоя қилади.

Ушбу қурол қирқ йил давомида вьетнамликларни ўлдиришни давом этмоқда. Вьетнамнинг замонавий авлодига таъсир кўрсатмоқда. АҚШ ҳарбий корпорацияларининг даромади кўп миллиардлаб долларни ташкил этди.

Уларни Америка армиясининг тезда ғалаба қозониши қизиқтирмас эди. Дунёдаги энг ривожланган давлат — энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда кўплаб жангларда ғолиб чиққан АҚШ урушда ғалаба қозона олмаганлиги тасодиф эмас.

1967 йилда Халқаро уруш жиноятлари суди Вьетнам уруши ҳақидаги далилларни эшитиш учун иккита йиғилиш ўтказди. Уларнинг ҳукмидан келиб чиқадики, Қўшма Штатлар куч ишлатилганлиги ва тинчликка қарши жинояти учун белгиланган халқаро ҳуқуқни бузган ва тўлиқ жавобгар.

ЯКУН

Вьетнам уруши ёки Вьетнамнинг Қўшма Штатлар билан Иккинчи Ҳиндихитой уруши 1961 йил атрофида бошланиб, 1975 йил 30 апрелда тугади.

Вьетнамнинг ўзида бу уруш “Озодлик“, баъзан “Америка“ уруши деб номланади. Кўпинча Вьетнам уруши бир томонда Совет Иттифоқи – Хитой, бошқа томонда эса баъзи иттифоқчилари бўлган АҚШ ўртасидаги совуқ урушнинг чўққиси деб қаралади.

Америкада Вьетнам уруши тарихдаги энг қоронғи давр деб ҳисобланади. Вьетнам тарихида бу уруш эҳтимол, энг қаҳрамонона ва фожиали саҳифадир.

Нурбек АЛИМОВ, 
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт

16 499
ЎзА