ЎзА Ўзбек

15.05.2020 Чоп этиш версияси

​«Уйингиз ва автомобиль йўлини 50 сантиметр ажратиб туради» — Миср ҳукумати турар-жойлар яқинида кўприк қурилишини маъқуллади

​«Уйингиз ва автомобиль йўлини 50 сантиметр ажратиб туради» — Миср ҳукумати турар-жойлар яқинида кўприк қурилишини маъқуллади

Сўнгги кунларда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Мисрга оид янгиликлар марказида ҳукуматнинг турар-жойлар яқинида кўприк қурилишига оид қарори бўлиб турибди.

Гап шундаки, Мисрнинг Гиза губернаторлигида кишилар истиқомат қилувчи кўп қаватли турар-жойлар билан бор йўғи 50 сантиметр масофада кўприк бунёд этилмоқда. 

2.jpg  

Ал-Зумур деб ном олган мазкур кўприк ҳақида ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб суратлар тарқалиб, тармоқ фойдаланувчиларининг катта муҳокамасига сабаб бўлди.

Суратлардан маълум бўлишича, кўприкнинг ўзига хос жиҳати турар-жой биноларидан ярим метр нарида жойлашгани ва автомобиль йўлининг турар-жойлар балконларигача етиб борганидир. 

1.jpg  

«Ушбу автомобиль йўли қуриб битказилгач, кўп қаватли уйларнинг балконлари орқали чанг ҳаво киради, турли хил ифлосланишлар юзага келади. Ҳукумат эса буни маъқулламоқда. Нима дейишга ҳам ҳайронман», дея кўприк қурилишига муносабат билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. 

6.jpg  

Баъзилар буни ғазаб ва қайғу билан қарши олса, яна бошқа кишилар томонидан бу лойиҳа катта кулгуга сабаб бўлди.

Ўз навбатида бир қанча хизмат кўрсатиш объектлари ҳам кўприкнинг остида қолиб, савдо дўконлари учун ҳам фаолият юритиш имконсиз бўлиб қолиши мумкинлиги айтилган. 

7.jpg  

Узунлиги 12 километрни ташкил этувчи кўприкнинг кенглиги 65.5 метргача етиб боради, лойиҳанинг умумий қимати эса 5 миллиард миср фунти ёки 317 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда. Ал-Зумур кўприги Гиза губернаторлигининг ал-Ҳарам шаҳридаги Наср ал-Дин кўчасида бунёд этилмоқда. Бу йўл эса Қоҳира билан боғловчи катта магистралга уланади.

Қонун нима дейди?

Миср Уй-жой, шаҳар ва коммунал хизматлар вазирлиги ушбу кўприк бунёд этиладиган ҳудуддаги 4 та бино ноқонуний равишда қурилгани ҳамда кишиларни бундан огоҳлантиргани ҳақида маълум қилди. Баёнотда кўприк бунёд этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинмасидан аввал кишиларга тушунтириш берилгани ва мазкур ҳудуддаги аҳоли учун 250 миллион миср фунти ажратиш режалаштирилгани айтилади.

Миср Қурилиш миллий агентлиги директори Маҳмуд Нассарнинг айтишича, кўприк жуда муҳим ва маҳаллий аҳоли учун фойдали бўлади.

4.jpg

Давлат турар-жой бинолари аҳолисига компенсация тўлашни режалаштирган ҳолда қурилишни давом эттиради, бироқ кўп одамлар кўприк қурилишига нафақат юқорида айтиб ўтилган муаммолар, балки бу ҳудудда турар-жой биноларини қуриш учун 2008 йилда рухсатнома қайтариб берилгани ва бинолар энди ноқонуний эмаслигини таъкидлашмоқда.

Парламент аъзоси Муҳаммад Фуад қурилиш лойиҳасини қайта кўриб чиқиш кераклигини, ўз навбатида бу кишилар ҳаёти ва уларнинг даромадига ҳам таъсир қилишини, қолаверса, ушбу кўприк қурилаётган ҳудудда турли хил катта-кичик корхоналар ҳам фаолият юритишини билдириб ўтган. 

8.PNG  

У, шунингдек, Миср Бош вазири Мустафо Мадбулига ал-Зумур кўприги қурилишини муҳокама қилиш учун сўров юборди.

«Биз кўп йилдан буён мазкур улкан лойиҳани кузатиб келмоқдамиз. Бироқ ижро ҳокимияти вакиллари жуда тез ва кескин чоралар кўрмоқда. Жараён жуда тартибсиз ҳолга келиб қолган», деди у.

Шоҳрух НЎЪМОНОВ
тайёрлади

4 124
ЎзА