ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Сирли жўнатмалар Польшага ҳам етиб келди

Сирли жўнатмалар Польшага ҳам етиб келди

Хитойдан ўсимлик уруғи солиб юборилаётган, чиқиш манзили номаълум почта жўнатмалари энди Польшага ҳам кириб келди. Бу ҳақда мамлакат телевидениесида хабар берилган.

Шундай жўнатмалардан бирини Силез ўлкасидаги Явожно қишлоғида яшовчи фуқаро қабул қилиб олди. Табиийки, у шунга ўхшаш ҳеч нарсага буюртма бермаганини қайд этди ва «совға»ни тегишли хизмат ходимларига топширди.

«Уни қути ичида ҳеч бир изоҳ берилмаган қандайдир уруғлар борлиги, бинобарин барча ёзувлар Хитой тилида битилгани ва шунинг учун ҳам тушунарсиз экани хавотирга солган. Қабул қилиб олувчи, ҳатто, булар ниманинг уруғи эканини ҳам билмаган», – дейди Катовице ўлкаси Ўсимликлар ва уруғларни муҳофаза қилиш инспектори ўринбосари Агнешка Гурская. Мутахассиснинг сўзлари «РИА Новости» хабарида келтирилган.

Худди аввалги, бошқа давлатларга юборилган ҳолатларда бўлгани каби, бу гал ҳам жўнатма таркиби фақат уруғлардан иборат, аммо сиртдан қараганда «қути ичида Хитой тақинчоқлари жойлангандек таассурот уйғонади кишида».

Ўсимликлар ва уруғларни муҳофаза қилиш давлат инспектори Анжей Заман бу уруғлар қишлоқ хўжалиги экинларига зиён етказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг ҳамкасби Агнешка Сахайдак эса воқеалар ривожи салбий тус олишда давом этадиган бўлса, ушбу вазиятни биотеррорчилик ҳаракати сифатида қабул қилиш ҳам мумкинлигини қўшимча қилган.

ЎзА бундан аввал айни муаммога АҚШ, Япония, Канада, Янги Зеландия, Австралия ва Европанинг бир қатор давлатлари ҳам дуч келгани, масалан, Буюк Британияга 100 дан ортиқ шундай жўнатмалар келгани ҳақида ёзган эди. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги келиб чиқиши номаълум кишиларга тегишли уруғларни экмасликни тавсия этган.

Буюк Британияда аллақачон Қиролликнинг турли ҳудудларига етиб келган шундай жўнатмалар ҳақида хабар ва маълумотлар асосида суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Қайд этилишича, қутиларга Хитой иероглифлари билан турли белгилар қўйилган ёки Хитой почта хизматига тегишли муҳр туширилган.

Энг ишончли изоҳлардан бири сифатида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан илгари сурилган «уруғлар онлайн-дўкон тизими рейтингини ошириш мақсадида юборилмоқда» деган фараз эътироф этиляпти.

Хитой эса ўз навбатида қутилар сиртидаги давлат белгилари ясамалигини таъкидлаб, АҚШдан жўнатмаларни текшириш учун Хитойга қайтаришни сўраяпти.

6 200
ЎзА