ЎзА Ўзбек

28.04.2018 14:52 Чоп этиш версияси

Сигир Ер юзидаги энг йирик жонзотга айланиши мумкин

Сигир Ер юзидаги энг йирик жонзотга айланиши мумкин
Тадқиқотчилар Ер юзида аҳоли сони кўпайиши сабабли йирик сут эмизувчи ҳайвонларнинг йўқолиб кетиш хавфи бор, деб ҳисоблашмоқда. Guardianнинг хабар беришича, бу бир неча юз йил ичида содир бўлади.

Нью Мехико университети профессори Фелиса Смит Science on Tuesday илмий журналида чоп этилган мақоласида шундай фикрни илгари сурмоқда. Унинг таъкидлашича, қадимдан одамлар йирик ҳайвонларни гўшти учун ов қилишган. Майдароқ жонзотларни овлаш қийинроқ бўлгани бунга сабаб бўлган.

Аҳоли сони ўсиб, инсониятнинг дунёни энг чекка ҳудудларигача кенг тарқалиши натижасида барча минтақалардаги йирик жониворлар аста-секин йўқола бошлаган. Масалан, Шимолий Америкада умумий ҳайвонларнинг ўртача оғирлиги одам оёғи етганидан сўнг 98 кг дан 7.6 кг га тушиб кетган.

Агар вазият шу тарзда давом этаверса яқин 100 йил ичида сигир тахминан 900 кг оғирлик билан Ер юзидаги энг йирик ҳайвонга айланиши мумкин. Бу филларнинг, жирафаларнинг, бегемотларнинг она заминдан йўқолишига саноқли йиллар қолганини англатади. Шу йилнинг март ойида Кенияда дунёнинг сўнги шимолий оқ каркидоннинг нобуд бўлиши бунинг исботидир.

Аммо бошқа тадқиқотчилар бу фикрга шубҳа билан қарашаяпти. Уларнинг фикрича иқлим ўзгариши, жониворларнинг табиий яшаш жойларининг қисқариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва шаҳарларнинг кенгайишидан келиб чиқадиган таҳдидлардан ҳайвонот оламини асраш учун яратилаётган қўриқхоналар бунга имкон бермайди. Шунингдек, қизил китобга киритилган йирик ҳайвонлар ва денгиз жониворларини овлаш борасида киритилган мораторийлар, таъқиқларга тўла амал қилинса бундай ноҳуш ҳолат содир бўлмайди.


Н.Тошпўлатова, ЎзА
7 216