ЎзА Ўзбек

15.03.2019 17:45 Чоп этиш версияси

Шимолий Корея АҚШ билан музокараларни тўхтатиши мумкин

Шимолий Корея АҚШ билан музокараларни тўхтатиши мумкин Шимолий Корея Қўшма Штатлар билан Корея ярим оролида ядро қуролларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишни тақиқлаш бўйича музокараларни тўхтатиши ҳамда ракета ва ядровий синовларни тақиқлашни қайта кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Пхеняннинг юқори лавозимли дипломати маълум қилган.

ТАСС ва Ассошиэйтед Пресс ахборот агентликларининг маълум қилишича, Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Цой Сон Хи, ўтган ойда Ханойда АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин ўртасида бўлиб ўтган саммитдаги шартларни АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари бузганлигини айтиб ўтган.

«Биз Ханой саммитидаги АҚШ талабларига ҳар қандай шаклда жавоб бериш ниятимиз йўқ ва биз бундай турдаги музокараларга қўшилмаймиз», - деди Цой Шимолий Корея пойтахтида мухбирларга берган интервьюсида.

“АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон икки мамлакат орасида душманлик ва ишончсизлик муҳитини яратди, шу сабабли Шимолий Корея ва Америка Қўшма Штатлари олий раҳбарлари ўртасидаги музокараларда конструктив ҳаракатлар амалга ошмади”, - дея таъкидлади Цой Сон Хи.

Шунингдек, Цой Сон Хи, Ким Чен Ин яқинда АҚШ ва Шимолий Кореянинг ядровий музокаралари хусусидаги ўз позициясини расмий равишда эълон қилиши керак, дея қўшимча қилди.

ЎзА
1 874