ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

​Сербияда қадимий флот топилди

​Сербияда қадимий флот топилди

Сербия археологлари мамлакатдаги "Виминациум" археологик парк ҳудудида келиб чиқиш асри номаълум бўлган ёғоч флот топишди. Топилма тасодифан қўлга киритилди: боғ билан ёнма-ён жойлашган кичик кўмир конида ишлаётган экскаватор ҳайдовчиси навбатдаги тупроқ қатламини кўтараётганда қадимий кема қолдиғига кўзи тушди. Бу ҳақда “Вечерние новости” газетаси ёзган.

Зудлик билан воқеа жойига етиб келган "Виминациум" археологик парки директори, профессор Миомир Корач бошчилигидаги археологлар дарҳол қазиш ишларини бошаб юборишди. Натижада узунлиги 15, кенглиги 2,65 метрлик дастлабки очилган кема ёнидан яна бир нечта – улкан дарахт танасидан ва турли бошқа ёғоч хом ашёдан тайёрланган кемалар ҳам чиқиб келди.

Олимлар ушбу топилмадан ҳайратга тушишди, чунки Дунай қирғоғигача бўлган масофа 2 километрни ташкил этади. Шу пайтгача айни ҳудуддан Дунай ёки бошқа бирор кичик дарё оқиб ўтгани тўғрисидаги маълумотлар қайд этилмаган. Кемалар бу ерда қандай пайдо бўлган?

– Кемалар шундай тартибда жойлашганки, худди десант қўшинларига тегишлидек, – дейди Корач. – Бу ҳолат кемалар кўмиб юборилиб, тупроқ билан қориштириб ташлангандай тасаввур уйғотмоқда.

Мутахассислар эътиборини тортган яна бир жиҳат шу бўлдики, қадимий флот таркибидаги топилмалар 7 метр чуқурликда ётган экан. Бу ерлардан тез-тез чиқиб турадиган қадимги римликларга тегишли жисмлар, одатда, 2 метрдан кўтариларди. Қолаверса, кемаларнинг айримлари Рим империяси даврига оид қурилмаларга ўхшаб кетса-да, баъзилари мутлақо бошқача услубда ясалган. Демак, мазкур флот тахминан 70 минг йиллар аввал тузилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.

Археологлар раҳбарининг айтишича, янги топилган ёғоч кемалар углеродли таҳлилга жўнатилган. Натижалар тез орада маълум бўлади.

Рим империяси даврида ҳозирги Сербия ҳудудида Мезия провинцияси жойлашган. Провинция пойтахти, йирик Виминациум шаҳрида 40 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилган. Эрамиздан аввалги I асрда асос солинган Виминациум шаҳри V асрга келиб гунлар томонидан вайрон этилган. Кейинчалик Византия императори Юстиниан (527-565) шаҳарни қайта тиклаган. VI асрда эса славян қабилалари ўзларининг жанубга юриши чоғида Виминациумни ер юзидан батамом суриб ташлашган.

1 409
ЎзА