ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Саудияликлар сезаётган ва яширмаётган таҳдид​ ёхуд алкоголсиз туризмга йўл оча​ётган мамлакат...

Саудияликлар сезаётган ва яширмаётган таҳдид​ ёхуд алкоголсиз туризмга йўл оча​ётган мамлакат...

Бугунги кунда Саудия Арабистони минтақавий ва глобал геосиёсатдаги асосий давлатлардан биридир. Ҳозирга келиб Саудия Арабистони нафақат сиёсий, балки ижтимоий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда тез ўзгариб бормоқда.

Масалан, ҳозир мамлакатдаги кўплаб аёллар автомобилларни бошқаришмоқда ва юзларини беркитмай юрадиганлари ҳам кўпаймоқда. Улар яқин вақтгача умуман мумкин бўлмаган футбол, кинотеатрлар ёки мусиқий шоуларга ҳам бормоқдалар. Бунга мамлакатда баъзи консерватив қаршиликлар мавжуд бўлса ҳам Саудия, кўрфаздаги бошқа монархиялар билан ижтимоий сиёсат бўйича тенглаша бошлади.

photo5325997702217051111.jpg

БУ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ САБАБИ НИМАДА?

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан амалга оширилаётган бу ислоҳотларнинг асосий сабаби, бюджет дефицити ва аҳоли сонининг ўсиб бориши билан ёшлар учун муносиб иш ва даромад топиш зарурати ҳисобланади.

Гарчи бу мамлакатда сайловлар ва сиёсий ислоҳотлар бўлмаса ҳам, жамоатчилик фикри бор ва Муҳаммад бин Салмон ёшлар ва айниқса аёлларни қўллаб-қувватлаб, мамлакатда араб баҳорига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

Саудия Арабистони аҳолисининг 70 фоизи 35 ёшдан кичик, 58 фоиз аёллар университет талабалари ёки битирувчилари ҳисобланади. Мамлакатдаги жуда кўп ёшлар, шаҳзоданинг ислоҳотларини қўллаб-қувватламоқда. Аёллар орасида эса ишлаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Университетни битирган саудиялик аёллар чет эл компаниялари томонидан ҳам юқори баҳоланади, чунки улар эркакларга қараганда ғайратли ва шижоатлироқдир. Бунга албатта йиллар давомида улар учун тақиқда бўлган нарсаларга рухсат берилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

НЕФТСИЗ САУДИЯ

Мамлакат ва унинг фуқаролари (34 миллиондан кўпроқ) бундан буён нефть даромади билан яшай олмайдилар, ер ости бойликлари бир асрдан кўпроққа етувчи нефть захираларига эга бўлса ҳам, ундан фойдаланиш камаяди.

Бундан ташқари, мамлакат аллақачон дефицитга учраган иқтисодиётга эга, уни эса диверсификация қилиш керак. Бунинг учун Саудия туризмга катта йўл очмоқда, аммо алкоголь ичимликларисиз.

Кўнгилочар ва маданият соҳаси ҳам анча ислоҳотларга бой бўлди ва бу бандликни келтириб чиқарадиган янги технологиялар тармоғи бўлиб шаклланмоқда.

photo5325997702217051113.jpg

КОНСЕРВАТИВ ЖАМИЯТДАГИ ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Саудияликлар Қизил денгиз бўйида жойлашган Неом шаҳрини ўзига хос “Силикон водийси”га айлантиришмоқчи ва бу шаҳарнинг қурилиши учун 500 миллиард доллар маблағ ажратилгани айтилади.

Аммо баъзи сезиларли ютуқларга қарамай, ҳали ҳам кўплаб компанияларда муҳандислар ёки шифокорлар ўртасида рақамли инқилоб ва сунъий интеллект тўғрисида хабардорлик йўқ.

Сунъий интеллект соҳасининг кучайиши Муҳаммад бин Салмоннинг 2030 йилга мўлжалланган режаларининг бир қисмидир, лекин ўзига хос маданий ёндашув билан албатта. Сунъий интеллект кўплаб ўқув дастурларида амалга оширилмоқда.

Ар-Риёд шаҳридаги Кинг Сауд университети қошидаги “Ақлли робототехника бўйича тадқиқотлар маркази"да бу соҳада муҳим ишлар қилинмоқда. Масалан, роботларнинг араб тилига ихтисослашган имо-ишора тилида кар-соқовлар билан алоқа қилишлари учун катта изланишлар олиб борилмоқда.

Бунинг ҳаммаси учун пул бор, лекин аввалгидай эмас. Йирик нефть компанияси бўлган “Aramco” ўзининг IPOсини амалга ошириб, бундан давлат қарийб 30 миллиард доллар олган. Шу нуқтаи назардан 2020 йилда G20га раислик қилувчи Саудия Арабистони ҳукумати ушбу ислоҳотларни дунёга намойиш этишни режалаштирмоқда.

G 20 РАИСИ

Яқинда G20 мамлакатларининг таклифлар ишлаб чиқарадиган илмий марказларини ташкил қилувчи Т20 йиғилишида (Think20) Саудия Арабистони вакили Фаҳад Алмуборак ўз ҳукумати ички ислоҳотларнинг приоритетлари ва глобал эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган 22 та асосий йўналишларни ажратди.

Буларни учта асосий мавзуга бирлаштириш мумкин:

биринчиси — “одамларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”. иккинчидан, сайёрани ҳимоя қилиш (энергия, иқлим ўзгаришига қарши кураш, сув ва барқарорлик);

учинчидан, рақамлаштириш ва ақлли шаҳарларнинг узоқ муддатли муаммоларини ҳал қилиш, ва ҳк. Т20нинг биринчи йиғилишида барча Саудия Арабистони амалдорлари оғзига тушган атама “кўп қиррали” сўзи бўлди.

МУАММОЛАР

Саудия Арабистонининг ҳозирги даврдаги устувор йўналиши ички ислоҳотлар ва инвестициялардир. Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШ томонидан ўлдирилиши — Ар-Риёд Эроннинг энг катта душмани бўлишига қарамай, минтақада уруш авж олиши қўрқуви туфайли Саудия томонидан яхши қабул қилинмади.

Саудия Арабистони Ямандаги урушда ҳам ўз иштирокини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Саудияликлар таҳдидни сезаётганини яширмайдилар, “таҳдидни, хавфни эмас”, дейди Саудия Арабистони тадқиқотчиларидан бири.

Сиёсий ислоҳотлардан эса тахтга ворислик қилиш тартибидан бошқа ҳеч нарса амалга оширилгани йўқ. Бу мутлақ монархия. Ушбу режим учун жуда катта халқаро ва ҳатто ички, обрўсизланишга олиб келадиган муаммолар ҳам талайгина: Саудиянинг Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Хашоқжининг ўлдирилиши, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаолларнинг озодликдан маҳрум этилиши, шаҳзода бин Салмоннинг "Амазон" асосчиси ва президенти Жефф Безос билан Whatsap орқали ўзаро шахсий ёзишмаси орқали гўёки жосус дастурий таъминотини юборганлиги вҳ.к.

G20 билан Саудия Арабистони йил давомида ички ва ташқи томондан ҳали жуда кўп партиялар ўйнаши керак. Бундан ташқари, келажакда ваъда қилинаётган ижтимоий жараёнлар бошланганида улар ҳам вақт ўтиши билан сиёсий жараёнларга айланиб кетиши мумкин.

Нурбек АЛИМОВ,

халқаро муносабатлар бўйича эксперт


10 961
ЎзА