Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.06.2018 08:00 Чоп этиш версияси

Саммит учун нега айнан Циндао шаҳри танланди?

Саммит учун нега айнан Циндао шаҳри танланди?
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити шу йилнинг 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтади.

Олий даражадаги учрашувда ташкилотга аъзо барча саккизта давлат: Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари иштирок этади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бу мамлакатларда ер юзи аҳолисининг деярли тенг ярми истиқомат қилади. Бу мамлакатлар глобал ЯИМнинг 20%ни таъминлайди. Саммит доирасидан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Эрон раҳбарларининг Хитойга расмий ва давлат ташрифи амалга ошади. Жумладан, 8 июн куни Россия президенти Владимир Путин Хитойга давлат ташрифи билан боради. Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳитовнинг маълум қилишича, ШҲТ саммити майдонида президентимиз Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой ва Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашади. Анъанага кўра, саммитда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Учрашув якунида «Шанхай саккизлиги» раҳбарлари томонидан 20дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, улар орасида узоқ муддатга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани яқин беш йилда ҳаётга татбиқ этиш тўғрисидаги дастур ҳам бор. Шунингдек, транспорт, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликка бағишланган битимлар ҳам имзоланади. Саммитнинг якуний ҳужжати сифатида Циндао декларацияси қабул қилинади. 

Саммит Хитойнинг ШҲТга раислигига якун ясайди. Ўтган йилнинг июнь ойидан бери ташкилотга Хитой раислик қилиб келмоқда, шу давр мобайнида 120 дан ортиқ тадбир – вазирлар даражасида учрашувлар, анжуманлар ўтказилди. Раислик давридаги ҳисобот Хитой томонидан Циндаода берилади.

Саммитнинг Циндаода ўтказилиши бежиз эмас. Бу шаҳар Хитойнинг ШҲТдаги шериклари билан ҳамкорлигининг рамзига айланиб улгурди. Циндао порт шаҳрининг ташқи савдо айланмасининг тенг ярми ШҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Савдо айланмаси 2017 йилда 11,2% га ошиб, 39 миллиард долларни ташкил қилди. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаоллашган. Циндаода ШҲТ мамлакатларидан киритилган сармояларни ўзлаштириш ярим миллиард долларга етиб қолди. 

Циндао (аввалги номи Цзяоао) пойтахт Пекиндан 555 километр жанубий-шарқда жойлашган. Шаҳарда 2 755 500 аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарнинг номи 2 та иероглифдан ташкил топган. «Цин» иероглифи «яшил», «дао» эса – «орол» маъносини англатади. Атроф ҳамиша ям-яшил бўлгани боис шаҳарга шу ном берилган. Циндао (инглизча Qingdao, немисча Tsingtau) — Хитой шарқидаги Шаньдун вилоятида, Сариқ денгиз соҳилларининг ярим оролида жойлашган ва шу сабабли ҳам муҳим портларидан ва саноат марказларидан бири ҳисобланади. 1994 йилнинг февралида Циндао Хитойдаги 15та асосий шаҳарлар рўйхатига киритилди.

Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича ҳозирги Циндао ҳудудларига одамлар 6000 йил аввал келиб ўрнашган. Чжоу сулоласи (эрамиздан аввалги 770—256 йй.) даврида Цзимо (бу жой айни дамда Пинду шаҳар уездида жойлашган) шаҳрига асос солинди, ўшанда шаҳар Шаньдунда иккинчи ўринда турарди. Айнан шу ердан эрамиздан аввалги 221 йилда Хитой бирлашганидан сўнг биринчи Цинь сулоласининг императори Цинь Шихуан Корея ва Японияга кемалар жўнатган эди. Тан ва Сун сулолалари вақтида бу ерда Хитойнинг шимолий ва жанубий денгиз йўналишлари туташган. Мин империяси даврида эса муҳим ҳарбий денгиз базасига айланди. 1890 йилларда Цин империяси бу ерда ҳарбий истеҳком қуришга қарор қилди. 1891 йилнинг 14 июн куни Циндао шаҳрига асос солинди.

1897 йилда шаҳар Германия қарамоғига берилди. Бунга 1897 йилда икки нафар немис миссионерининг шарқий Шаньдунда ўлдирилгани ва шундан кейин Германия ҳукумати императорга ультиматум қўйгани сабаб бўлди. Немислар Циндаони стратегик муҳим портга айлантиришди. Биринчи жаҳон уруши арафасида немис ҳарбий кемалари Циндаони тарк этди. Уруш бошлангандан сўнг Япония қўшинлари 1914 йилнинг 31 октябридан 7 ноябригача шаҳарни эгаллади. Уруш тугаганидан сўнг Париж конференцияси Шаньдун ҳудудларини Япония ихтиёрида қолиши ва Хитойга берилмаслиги борасида қарор қабул қилди, бу ўз навбатида норозиликларни келтириб чиқарди. 1922 йилда шаҳар Хитой ҳукуматига қайтарилди. 1929 йилда Нанкинда Гоминьдан ҳукумати ташкил этилганидан сўнг Циндао Махсус шаҳри ташкил этилди, 1930 йилда оддий шаҳарга айлантирилди. Япония Циндаони 1938 йилнинг январида яна босиб олди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Циндао яна «махсус шаҳар» мақомини олди, Гоминьдан ҳукумати АҚШга Циндаодан Ғарбий Тинч океан флоти базаси сифатида фойдаланишга рухсат берди. 1949 йилнинг 2 июнида шаҳар ҳукумат кучлари томонидан қўлга олинди. Ўша йили шаҳар 7та туманга ажратилди. 1951 йилда эса шаҳарга Цзяочжоу Махсус туманининг айрим ҳудудлари қўшилди. 

1984 йилда Хитой хорижий сармоядорларга нисбатан очиқлик сиёсатини олиб бора бошлади. Бунинг натижасида Циндао замонавий порт шаҳрига айланди. Айни дамда Циндао йирик саноат маркази сифатида кўрилади. Яқинда шаҳарда янги бизнес маркази қад ростлади. Марказ атрофида йирик саноат зонаси жойлашган. Бугунги кунда Циндао 6 та туман ва 4 та шаҳар уездидан ташкил топган.

Таъкидланганидек, Циндао — Хитойнинг йирик иқтисодий марказларидан бири. Бу ерда йирик банклар, йирик компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва халқаро фирмаларнинг ваколатхоналари жойлашган. Циндао Хитойнинг бешта йирик ташқи савдо портларидан биридир. Бу ерда ривожланган транспорт тизими мавжуд.

Шарофиддин Тўлаганов

5 995