ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Россия сувости кемалари туфайли​ ​Американинг шарқий соҳиллари энди хавфсиз ҳудуд ҳисобланмайди

Россия сувости кемалари туфайли​ ​Американинг шарқий соҳиллари энди хавфсиз ҳудуд ҳисобланмайди
Пентагон Россия ва Хитойнинг ҳарбий денгиз флоти кемалари фаоллашган ҳудудлар белгиланган харитани эълон қилди.

Ушбу ҳужжат АҚШнинг 2021 йилги ҳарбий бюджетни шакллантиришга тайёргарлик жараёнларида оммага ошкор этилди, деб хабар тарқатмоқда “The Drive” нашри. 

Нашрда таъкидлашича, олинган маълумотлар Москва ва Пекин ўзларининг денгиз амалиётларини ўтказиш суръатини анча жадаллаштирганини тасдиқламоқда. Гарчи, харитада қайси вақт ва айнан қандай денгиз кемалари қайси ҳудудларда тургани ҳақда айтилмаган бўлса-да, Россия ҳарбий денгиз флоти кемалари бир неча йилдан буён АҚШнинг жануби-шарқий соҳилларига яқин сувликларда ҳамда Атлантика океанининг шимолида ва Кариб денгизида анчайин фаоллашгани қайд этилган. 

Шунингдек, тобора стратегик аҳамият касб этиб бораётган Арктика ҳудудларидаги кенг қамровли ҳарбий амалиётлар ҳам мазкур харитада ўз аксини топган. 

Бундан аввал АҚШ Ҳарбий денгиз қўшинлари вице-адмирали Эндрю Льюис, Американинг шарқий соҳиллари Россия сувости кемалари туфайли энди хавфсиз ҳудуд ҳисобланмай қолганини айтган эди. У Россия сувости кемаларини АҚШнинг шарқий соҳилларида пайдо бўлгани жиддий муаммо эканини таъкидлаган.

1 539
ЎзА