ЎзА Ўзбек

12.07.2018 20:35 Чоп этиш версияси

Россия матбуоти унчалик эътибор қаратмайдиган воқеа

Россия матбуоти унчалик эътибор қаратмайдиган воқеа
Якутскда истиқомат қилган тадбиркор ичида ҳужжатлари ва 100 минг рубль бўлган ҳамённи қайтарган тожик мигрантига миннадорчилик билдирди. Роғунлик 33-ёшли Аҳмаджон Расулов 11 июль куни Якутск ҳокимияти яқинидан ҳамён топиб олди ва бир неча соатдан сўнг унинг эгасини топишга муваффақ бўлди.

Ҳамён эгаси Якутиядаги “Профоценка” компаниясининг раҳбари Вячеслав Владимиров бўлиб чиқди. У журналистларга интервью берар экан, муҳим ҳужжатлари, банк карталари ва катта миқдордаги пуллар бўлган ҳамёнини шаҳар марказида йўқотиб қўйганини ва уларни топишдан умидини узганини айтди. 

“Мен ҳақиқатан ҳам тожикистонликнинг хатти-ҳаракатидан лол қолдим. Унинг ўрнида бошқа одам бўлганида, пулларни олиб, ҳамённи ташлаб юборган бўларди. Аҳмад инсофли ва яхши инсон”, дейди россиялик тадбиркор.

Хурсандлигидан боши осмонга етган Вячеслав Владимиров ўз қаҳрамонини видеога олди ва миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига қараганда, бизнинг давримизда Аҳмаджон Расулов сингари инсонлар жуда ҳам кам ва тожикистонликлар ўзининг шу каби фарзандлари билан фахрланиши керак. 

“Аҳмад сизнинг миллатингизнинг энг яхши вакилларидан. Шундай фарзандни тарбиялаган ота-онасига минг марта раҳмат”, дейди суҳбатдош.

Аҳмаджон Расулов қилган ишидан қаҳрамонлик кўрмаётганини айтади ва ўзининг ўрнида бўлган ҳар бир инсон шу ишни қилиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг айтишича, машинада шаҳар ҳокимлиги биноси яқинидан ўтиб кетаётганида ҳамёнга кўзи тушган. 

“Мен ҳамённи “Лексус” ёнида кўриб қолдим ва мана шу машина ҳайдовчиси йўқотиб қўйган бўлса керак, деб ўйладим. Сигнализация ишлаб кетиши ва ҳайдовчи келиши учун машинани урдим. Бироқ ҳеч ким келмади, яна 15 дақиқа кутдим ва ишга кетдим”, дейди Аҳмаджон.

Ишга келиб ҳамёни очиб кўрса, унинг ичида 100 минг рубль, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва банк карталарни кўрган. Аҳмаджон ҳамённи топиб олган ерга қайтиб боришга қарор қилди, бироқ у ерда “Лексус”ни ҳам, ҳамённи қидираётган инсонни ҳам учратмади. Шундан сўнг Аҳмаджон ўзига таниш бўлган полиция ходимига мурожаат қилишга қарор қилди ҳамда унга бор гапни айтиб берди ва ҳайдовчилик гувоҳномаси асосида ҳамённинг эгасини топишга ёрдам беришини сўради. 

“Орадан кўп ўтмай, полиция ходими мен билан боғланиб, у берган телефон рақамга қўнғироқ қилишимни айтди. Шу тариқа ҳамён эгасини топдим. У телефонни ўчириб қўймаслигимни, қаерга бўлса-да, боришини айтди. Бироқ мен ўзим олиб боришимни, ҳаммаси жойида эканлигини айтдим”, дейди суҳбатдош.

Орадан ярим соат ўтиб, тожикистонлик айтилган жойга борди ва ҳамённи топширди. Вячеслав Владимиров Аҳмаджонга истаганича пул олишини таклиф қилди, бироқ у воз кечди. Шунда Вячеслав мигрантга мукофот тариқасида 10 минг рубль берди. Роғуннинг Оби Гарм жамоатида истиқомат қилувчи Аҳмаджон Расулов беш йилдан бери пул топиш мақсадида Россияда меҳнат қилмоқда. Уйларни таъмирлаш билан шуғулланади. Ватанида уни рафиқаси ва уч нафар фарзанди кутмоқда.

ЎзА
8 236