ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

Россия коронавирусга чалиниш бўйича Эрондан ўтди

Россия коронавирусга чалиниш бўйича Эрондан ўтди

Россияда COVID-19, коронавирусига чалинганлар сони жами 93 минг 558 кишидан ошди. Вирус юқтирган кишилар сони бўйича Россия бундан бир кун аввал Хитойдан олдинга ўтиб олган эди. Энди у Эронни ҳам орқада қолдириб дунёда саккизинчи ўринга чиқди.

ЖССТнинг сўнгги маълумотида МДҲга аъзо мамлакатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Маълумотда келтирилишича, коронавирусга чалинганлар сони бўйича Россиядан кейин Беларусь республикаси ҳамда Украина бормоқда. Ҳозиргача Беларусь республикасида 11 минг 289 киши коронавирусга чалингани маълум бўлган бўлса, Украинада 9 минг 410 киши инфекция юқтиргани маълум бўлди.

Молдовада коронавирус юқтирганлар 3 минг 481 кишига етган.

Марказий Осиёда инфекция юқтирганлар сони бўйича Қозоғистон биринчи бормоқда, ундан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистонда энг кўп вирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

Хабарда таъкидланишича, Марказий Осиё давлатларида коронавирусдан ўлим ҳолатлари энг кўп Қозоғистонда қайд этилмоқда. Бу ерда ҳозиргача пандемия оқибатида 25 киши вафот этгани маълум бўлди.

Арманистон ва Озарбайжонда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳамон тўхтагани йўқ. Масалан, Арманистонда COVID-19 билан касалланганлар сони 1 минг 867 кишига етган бўлса, Озарбайжонда ушбу кўрсаткич 1 минг 678 кишини ташкил этмоқда.

МДҲга аъзо мамлакатлар орасида фақат Тожикистон ва Туркманистонда ҳозиргача бирорта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмади.

Қўшни Афғонистонда коронавирус инфекциясини юқтирганлар 1 минг 703 кишини ташкил этади, 57 киши вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) сўнгги маълумотига кўра, Дунёда коронавирусга чалинганлар сони 3 миллион 73 минг 603 кишини ташкил этади. Шулардан 211 минг 768 киши вафот этган, 1 миллионга яқин бемор тузалиб чиққан.

Коронавирусга чалиниш ҳолатлари энг кўп қайд этилган мамлакатлар рўйхатига Россиядан ташқари қуйидаги давлатлар киритилди: АҚШ (1 миллион 10 минг 507 киши), Испания (2 юз 29 минг 422 киши), Италия (1 юз 99 минг 414 киши), Франция (1 юз 65 минг 842 киши), Германия (1 юз 58 минг 758 киши), Буюк Британия (1 юз 57 минг 149 киши), Туркия (1 юз 12 минг 261 киши), Эрон (91 минг 472 киши) ва Хитой (82 минг 836 киши).

ЖССТ 11 март куни COVID-19 эпидемиясининг пандемияга айланганини эълон қилган эди. Ташкилотнинг маълумотига кўра, ҳозиргача коронавирус инфекцияси дунёнинг 210 та мамлакатида аниқланган. Бундан ташқари, иккита саёҳат кемаси “Diamond Princess” ва “MS Zaandam” лайнерларида ҳам саёҳатчиларнинг оммавий коронавирусга чалиниши аниқланган.

2 863
Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА