ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Режеп Таййип Эрдўғон​ Туркия Сурияда трансчегаравий амалиёт ўтказишга ҳақли эканини маълум қилди

Режеп Таййип Эрдўғон​ Туркия Сурияда трансчегаравий амалиёт ўтказишга ҳақли эканини маълум қилди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг баёнотига кўра, икки ҳукумат ўртасида 1998 йилда Aданада имзоланган битим туфайли Aнқара қўшини Сурияда “Тинчлик манбаи” деб номланган трансчегаравий амалиётни олиб боришга ҳақли.

“Суриянинг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласига келсак, у Қўшма Штатларга тегишли эмас. Бу халқаро фазо, бу Суриянинг ҳаво бўшлиғи. У AҚШга тегишли эмаслиги сабабли, ундан фойдаланиш масаласи Сурия Президенти Башар ал-Aссад режими томонидан ҳал қилинади. Улар (AҚШ) бу ерга (Сурияга) режимнинг таклифига биноан келмаган ва биз Aданада битим (Aнқара ва Дамашқ ўртасида имзоланган) бўйича иш олиб боряпмиз. Бу келишувга биноан, агар режим Курдистон Ишчилар партиясига қарши чора кўрмаса, унда бизнинг ҳарбий кучларимиз террорчиларни таъқиб қилади “, деган Туркия раҳбари Yeni Safak газетасига берган интервьюсида. 

Маълумот ўрнида, 1980-1990 йилларда Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар жуда кескин кечган. Бу даврда Aнқара Дамашқни Курдистон Ишчилар партиясини (КИП) қўллаб-қувватлаганликда айблаб келган. 1998 йил октябрь ойида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кучли инқироз кузатилиб, Туркия Сурияга 45 кунлик муддат беради. Бу вақт ичида мамлакат КИПнинг ёрдамидан бутунлай воз кечади. Худди шу йили Сурия ҳукумати КИП етакчиси Aбдуллоҳ Ўжаланни мамлакатдан чиқариб юборади. 1998 йил 20 октябрда икки мамлакат ҳукумати вакиллари ўртасидаги музокаралар Aданада хавфсизлик масалалари бўйича қўшма протокол ва келишув имзоланиши билан якунланган. 

2 778
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА