ЎзА Ўзбек

26.05.2020 Чоп этиш версияси

Президент жарима тўлайдими?

Президент жарима тўлайдими?

Австрия президенти Александр Ван дер Беллен Вена шаҳридаги ресторанлардан бирида рафиқаси билан тун ярмидан оққанда ҳам ўтирганини кўриб қолишди. Ваҳоланки, коронавирус пандемияси муносабати билан амалга киритилган чекловларга кўра, пойтахтдаги умумий овқатланиш муассасалари 23.00 дан кейин ёпиқ бўлиши керак.

Бу ҳақда маҳаллий “Kronen Zeitung” нашри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлар маълумотига таяниб ёзган.

Полиция ҳисоботида келтирилишича, жамоатчилик хавфсизлигини қўриқлаш хизмати ходимлари эр-хотин маҳаллий вақт билан 00.20 да “Sole” ресторанининг очиқ айвонида ўтиришганига гувоҳ бўлишди.

Альп республикаси етакчиси воқеага қуйидагича аниқлик киритган: “Мен ўз-ўзини ҳимоя қилиш тартиби жорий қилинганидан буён илк бор уйимдан чиқдим, кечки овқатни рафиқам ва икки дўстим билан ресторанда тановул қилишга келишувдик. Гаплашиб ўтириб, вақт қандай ўтиб кетганини сезмай қолибмиз. Тан оламан, бу бизнинг хатомиз”, – деган Ван дер Беллен.

Ресторан директори Аки Нуредини ҳам ҳодиса юзасидан ўз фикрини билдирди. Унинг айтишича, мижозларга егулик ва ичимликлар 23.00 дан олдин берилган, ресторан вақтида ёпилган. Президент ва унинг ҳамроҳлари, муассаса қоидаларидан хабардор бўлишса-да, ўзларича ҳовлида қолишган.

Энди Вена магистрати ресторан эгаси белгиланган 30 евро жаримани тўлайдими ёки йўқми, шу ҳақда қарор чиқариши зарур. Давлат раҳбари ва унинг рафиқасига нисбатан санкция қўлланиш хавфи йўқ.

15 майдан бошлаб Австрияда умумий овқатланиш жойлари фаолиятига рухсат берилган, фақат иш жараёни бир қатор чекловларга риоя қилишни тақозо этади. Масалан, иш вақти эрталаб 6 дан кечки 11 гача белгиланган, жойни олдиндан банд қилиб қўйиш керак, мижозлар ўртасида муайян масофа сақланиши шарт. Хизматчилар эса тиббий ниқоб тақиб юришга мажбур.

3 999
ЎзА