ЎзА Ўзбек

04.02.2020 Чоп этиш версияси

Помпео​нинг Минскка ташрифидан сўнг Беларусь ва АҚШ муносабатлари яқинлашди

Помпео​нинг Минскка ташрифидан сўнг Беларусь ва АҚШ муносабатлари яқинлашди

Беларусь Республикаси ташқи ишлари вазири Владимир Макей яқин кунларда АҚШ билан элчилик алоқалари қайта тикланишини ҳамда мамлакат ўз элчисини Вашингтонга юборишини маълум қилдди.

«Бунга бир неча ой кетади, чунки айрим протокол ишлари ва техник талаблар амалга оширилиши лозим», – дея аниқлик киритди вазир.

Шунингдек у, АҚШ ҳам Беларусга кимни элчи қилиб юбориши ҳақида ҳозирча маълум қилмаганини таъкидлади.

«Айрим оммавий ахборот воситаларида Оқ уй Беларусга элчи юборишни режалаштираётганини ўқидик. Менинг фикримча, агар шундай бўлса, бу – АҚШнинг ҳақиқатан ҳам Беларусь билан муносабатларни яхшилаш нияти борлигини билдиради», – деди Макей.

Мазкур баёнот АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Беларусь пойтахтига ташрифи ортидан берилгани ҳам аҳамиятли.

Маълумот ўрнида, 2006 йил расмий Вашингтон бир қатор беларуслик фуқаролар ва ташкилотларга нисбатан «инсон ҳуқуқларини бузганликда ва демократик институтларни сиқувга олганликда» айблаб санкция жорий этган эди. 2008 йилга келиб, икки давлат ҳам ўз элчиларини чақириб олди ва дипмиссия ходимлари сонини қисқартирди. Шундан буён элчихонада вақтли ишончли вакил фаолият олиб бораётган эди. 

2015 йилда Вашингтон санкцияни қисман тўхтатди. 2019 йилда Беларусь ташқи ишлар вазирлиги ҳам Минск мамлакатда бўлиб турган америкалик дипломатларга нисбатан чекловларни бекор қилганини маълум қилди.

Ўтган шанба куни Помпео Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳамда ташқи ишлар вазири Макей билан музокара ўтказди. Музокарада АҚШ давлат котиби республикада инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида сезиларли силжишлар кузатилаётганини таъкидлаган ва санкцияларнинг бутунлай бекор қилиниши вазиятнинг келгусида янада яхшиланишига боғлиқ эканини эътироф этган.

2 644
ЎзА