ЎзА Ўзбек

05.03.2019 11:04:47 Чоп этиш версияси

Помпео Гуайдони Венесуэлага қайтгани билан қутлади


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Венесуэла оппозицияси етакчиси, ўзини вақтинча Президент, деб эълон қилган Хуан Гуайдони мамлакатга қайтгани билан қутлади. 

"Қўшма штатлар Венесуэла халқининг ўтиш давридаги тинч демократик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, вақтинча Президент Хуан Гуайдонинг мамлакатда демократияни жорий этишдаги ҳаракатларини ва унинг Венесуэлага хавфсиз қайтганини олқишлайди", дейилади Помпеонинг АҚШ давлат департаменти тарқатган баёнотида.

Бир оз илгари Хуан Гуайдо Каракасга қайтганини маълум қилди. 

Венесуэла олий суди Гуайдога мамлакатни тарк этишни тақиқлаган бўлишига қарамай, 22 февралда Колумбиянинг Кукута шаҳрига чиқиб кетишга муваффақ бўлганди. Шундан кейин у ҳафта ичида Колумбиядан ташқари, Бразилия, Парагвай, Аргентина ва Эквадорга ҳам ташриф буюрган.

Венесуэла олий суди вакили Хуан Карлос Вальдес Гуайдо тақиқни бузиб мамлакатни тарк этгани учун 30 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон мухолифатчи Хуан Гуайдонинг Венесуэлага қайтишига тўсқинлик қилишга оид ҳар қандай ҳаракатларга қаттиқ жавоб берилиши билан огоҳлантирди. «Унинг хавфсиз қайтишига қарши қаратилган ҳар қандай таҳдидлар ёки ҳаракатлар Қўшма Штатлар ва халқаро ҳамжамият томонидан қатъий ҳамда жиддий жавоб билан кутиб олинади», дея ёзган Болтон.

Шунингдек, АҚШнинг Венесуэла бўйича махсус вакили Эллиотт Абрамс ҳам мамлакат ҳукуматини Колумбиядан қайтмоқчи бўлган Гуайдони ҳибсга олмаслик ҳақида огоҳлантирган.