ЎзА Ўзбек

15.10.2018 12:35:18 Чоп этиш версияси

Покистон Ислом Республикаси делегацияси Сурхондарёнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди


Покистоннинг Исломобод, Пешовар, Карачи ва бошқа ҳудудларидан 45 нафардан ортиқ “Нақшбандия” тариқати вакиллари Сурхондарёнинг Термиз шаҳри, Термиз ва Шеробод туманларида бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди.

Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурила бошлаган Султон Саодат мажмуаси ҳамда буюк аллома Ал Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишди. Бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, уламолар делегацияси Шеробод туманидаги улуғ муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ансамблига ҳам ташриф буюришди.

– Бу зиёратларни кўпдан буён орзу қилардик. Нафақат биз, балки ота-боболаримиз ҳам Абу Исо ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбандий юртида бўлиб, қадамжоларини кўришни, зиёрат қилишни ният қилишганди. Бу мақсадларга биз етишганимиздан мамнунмиз, – дейди исломшунос олим, шайх Абдулҳалим Тишти.

Делегация таркибида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бўлиб, улар Ўзбекистондаги сафар жараёнидаги воқеликларни, ҳайратларини ўз нашрларида мунтазам ёритиб боришмоқда. 

Покистонлик меҳмонлар жорий йилнинг 17 октябрига қадар мамлакатимизда бўлишиб, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухорога ҳам сафар қилишлари белгиланган.​​

photo5341432388749732119.jpg

photo5341432388749732120.jpg

photo5341432388749732121.jpg

photo5341432388749732122.jpg