ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Покистон армияси Афғонистонга қарата ўт очди

Покистон армияси Афғонистонга қарата ўт очди

Покистон ҳарбийлари Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги аҳоли турар жойларини артиллерия қуролидан ўққа тутган ва оқибатда тинч аҳоли вакилларидан камида 9 нафари ҳалок бўлган. Бу хабарни “Tolo News” телеканали Афғонистон Мудофаа вазирлигига таяниб маълум қилди.

Идора масъулларининг айтишича, Покистон Қуролли кучлари Афғонистон билан чегара яқинида жойлашган Спин-Болдак аҳоли пункти томонга артиллерия ускунаси ёрдамида ўт очган.

Афғонистон армияси штаби бошлиғи генерал Ёсин Зиё Покистон Қуролли кучларига қарши жавоб акциясини қўллаш учун тайёргарлик кўриш, икки мамлакат ўртасида узоқ 1893 йилда пайдо бўлган, аммо расман белгиланмаган шартли давлат чегараси – Дюранда чизиғи бўйлаб жойлаштирилган қўшинларни қўшимча қурол-аслаҳа билан таъминлаш ҳақида буйруқ чиқарди.

Июль ойи ўрталарида Покистон армияси Афғонистон шарқидаги Кунар провинцияси ҳудудидаги айрим туманларига ҳам минометдан ўқ ёғдиргани ва ҳужум қурбонлари сони 8 нафарни ташкил этгани эълон қилинган эди. Ўшанда расмий Қобул ҳодиса сабаби сифатида Покистон томони Афғонистон ҳудудида янги назорат-ўтиш жойлари ўрнатишга уринаётганини кўрсатган.

1 409
ЎзА