ЎзА Ўзбек

05.03.2019 10:00:06 Чоп этиш версияси

Партия етакчиси Омурбек Текебаев ва собиқ элчининг иши қайта кўрилади


Қирғизистон Республикаси Олий суди “Ата Мекен” партияси етакчиси Омурбек Текебаев ва собиқ элчи Дуйшенкул Чотоновнинг ишини 23 апрель куни қайта кўриб чиқишни белгилади. Бу ҳақда “Ата Мекен” фракцияси раҳбари Алмамбет Шикмаматов маълум қилди. 

– Олий суд янги вазиятлар туфайли Омурбек Текебаев ишини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Суд жараёни 23 апрелга белгиланди. Агар суд ишни адолатли, холисона ва очиқ кўриб чиқадиган бўлса, у Омурбек Текебаев оқланади, – дейди Шикмаматов.

Бундан аввал “Адилет” ҳуқуқий клиникаси Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси кучга кириши муносабатлари билан янги вазият юзага келиши туфайли иш қайта кўриб чиқилиши борасида Олий судга мурожаат қилган эди.

“Ата Мекен” партияси етакчиси, парламент собиқ спикери, бир нечта чақириқдаги парламент депутати Омурбек Текебаев ва унинг партиядоши, Қирғизистон Республикасининг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси Дуйшенқул Чотонов 2017 йилда россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг кўрсатмасига асосан “Коррупция” моддаси бўйича айбланган ва ҳар бири саккиз йил муддатга қамоққа ҳукм қилинган эди.

Кейинроқ, 2018 йилнинг ноябрь ойида Маевскийнинг ўзи Москвадаги Твер суди қарори билан 2019 йилнинг январь ойигача қамоққа жўнатилди. У 37,5 млн. долларлик тамаъгирликда айбланди. Яқинда маълум бўлишича, унинг матбуот котиби Максим Букин ҳам қўлга олинган.